@zarafshonbot га мурожаат “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбарлари эътиборига!

Қирқ йилдан буён ариқдан сув ичамиз, тоза ичимлик суви йўқ. Ўтган йил февраль ойида вилоят ҳокими туманимизда сайёр қабул ўтказганда шу масалани айтганимизда ҳоким “Самарқанд сув таъминоти” корхонасига муаммони ҳал этиш бўйича топшириқ берганди. Афсуски, пандемия туфайли ўтган йил бу иш амалга ошмади. Бу йил яна турли идораларга мурожаатимиздан сўнг, март ойида ишлар бошланди. Электр тармоқлари корхонаси артезиан қудуғи учун алоҳида тармоқ тортиб берди. Туман ҳокимлиги сув минораси қуриб беришни ўз зиммасига олган. Бурғулаш ва насос ўрнатиш ишларини “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ бажариши керак экан. Аммо 1 апрелдан буён бурғулаш техникаси ишлаётган бўлса-да МЧЖ вазифасини бажармаяпти. Туманга мурожаат қилсак, бу иш вилоят билан битади, дейишди.

Нима бизнинг 40 йиллик орзуимиз бу йил ҳам армон бўлиб қоладими? Айтинг, мутасаддилар, яна қаерга, кимга мурожаат қилайлик?

Булунғур тумани Эсонтурди маҳалласи Бешбола қишлоғи аҳолиси.