@zarafshonbot 'га мурожаат: “Зарафшон дарёсидан ноқонуний шағал қазиш тўхтамаяпти”
Мазкур мурожаатим Тойлоқ тумани "Навбаҳор" ва "Нурли йўл" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси ҳақида. Гап шундаки, экологик жиҳатдан тобора хавфли бўлиб бораётган Зарафшон дарёси муаммоси бўйича ижтимоий тармоқларда тез-тез чиқишлар қилиняпти.
Айнан ушбу маҳаллалар ҳудудларида жойлашган жами 5-6 нафар тадбиркорга тегишли жами 9-10 та тош саралаш ва майдалаш цехлари дарёнинг муҳофаза қисмида жойлашган бўлиб, ушбу цехлар доимий равишда ноқонуний равишда дарё ўзани ҳамда қирғоқ минтақасини аёвсиз қум-шағал аралашмаси қазиб олиш билан шуғилланмоқда. Соҳани назорат қиладиган экологияни муҳофаза қилиш ва бошқа ташкилотлар ҳолатни била туриб қатъий назорат кўрмаяпти, деб ҳисоблайман. Кескин чора кўришмагандан кейин нима дейиш мумкин?
Ёмони шундаки, ноқонуний қазиш ишлари билан шуғулланаётган тадбиркорлар бугунги кунда дарё сатҳининг 5-6 метр пастга тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида хонадонларда ўрнатилган ичимлик суви қудуқлари қуриб қолиши кузатиляпти. Зарафшон дарёсини кесиб ўтувчи магистрал газ қувурлари хавф остида қоляпти, ҳозирда иккита тиргак устунлари чўкиб, хавфли ҳолатга келган.
Бундан ташқари, бу ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ишлари олиб борилаётган ҳудудлар "Чўпон ота" сув иншооти ҳудудига яқин жойлар бўлиб, ушбу сув иншооти Самарқанд шаҳар аҳолиси ва шунга яқин ҳудудларни тоза ичимлик суви билан таъминлайди.
Дарёнинг оқим бўйлаб ўнг тарафида жойлашган “Зарафшон” миллий табиат боғига сув чиқмаслиги сабабли табиат боғида дарахтлар нобуд бўлаётганлиги, оқим бўйлаб чап томонидаги давлат дастури асосида бажарилган дамбага жиддий зарар етаётганлиги бизни хавотирга солади.
Аммо шундан кейин ҳам 4-5 метр чуқурликда бир неча маротаба дарё ўзанини қазиш давом этмоқда. Афсуски, бу ҳолатга экология инспекциялари арзимаган (БҲМ 10 баробаридан 20 баробаригача бўлган) жарима чораси кўришдан нарига ўтмаган. Агарда тегишли ташкилотлар тош қазувчиларни шу даражада яна бир йил кузатишса, дарё сатҳи 10 метр чуқурликка тушиб кетиши шубҳасиз. Кейин муаммоларни ўнглаб бўлмай қолади.
Тойлоқ туманининг юқори қисми Хўжаюз, Ғўлба ва Галаботир маҳаллалари ҳудудларида тўпланиб қолган қум-шағал материаллари захираси мавжуд бўлса-да, лекин бу қазувчилар айнан тобора чуқурлашиб бораётган "Навбаҳор" ва "Нурли йўл" МФЙларда ноқонуний ишлаш билан овора.
Ноқонуний тош қазиб олиш билан боғлиқ сўнгги ҳафталардаги суратларни ҳавола этаман.
Ҳ.Облоқулов,
Тойлоқ тумани.