@Zarafshonbot’га мурожаат: Завод ғишт пишириш учун эски автошиналарни ёқяпти. Оқибатда атрофни куйган резина ҳиди босиб кетяпти

Самарқанд шаҳар Сартепа маскани ёнидаги Бўзи-2 маҳалласи (ҳозирги Самарқанд шаҳар ИДУМ, собиқ “10-Болалар уйи” ортидаги маҳалла)дан мурожаат қиляпмиз.
Ёнимизда иккита хумдон ғишт заводи бор. Шулардан биридаги хумдонда ғиштларни пишириш учун вулканизациялардан эски автошиналарни олиб келиб ёқишяпти. Бунинг оқибатида ҳаво нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланиб (куйган резина ҳиди сасиб) кетяпти. Биз, маҳалладошлар бир неча марта бориб огоҳлантириб келган эдик, фойдаси бўлмаяпти. Одамлар соғлиғига ёмон таъсир қиляпти.
Вилоят ва туман экология идорасига бир неча марта мурожаат килганмиз, фойдаси бўлмаяпти. Эшитишимизча, арзимаган суммада жарима қилиб кетган эмиш.
Автошина ёқилганда ҳавога ажралиб чиқадиган моддалар жуда зарарли бўлиб, улар инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирар экан. Биз мутахассислардан бу ҳолатда ажралиб чиқадиган моддалар, уларнинг таъсири ва болаларга зарари ҳақида маълумотлар олдик.
Уларнинг таъкидлашларича, автошина ёқилганда ҳавога ажралиб чиқадиган моддалар:
- полиициклик ароматик углеводородлар (ПАУ) – канцероген (саратон касаллиги чақирувчи);
- бензол, толуол, ксилол – марказий асаб тизимига таъсир қилувчи, жигар ва буйракка зарар етказувчи;
- диоксинлар ва фуранлар – жуда кучли заҳарли моддалар, оз миқдори ҳам саломатликка катта таъсир кўрсатади;
- кўмир оксиди (CO) – қондаги кислород ташиш қобилиятини камайтиради, нафас қисишига сабаб бўлади;
- суюқ ва қаттиқ формадаги микроскопик заррача моддалар (PM2.5 ва PM10) – ўпкага кириб бориб, нафас йўллари ва юрак-қон томир тизимига таъсир қилади;
- кислота газлари (HCl, SO2, NOx) – шиллиқ қаватлар ва ўпкага оғир зарар етказади.
Одам организмига зарари:
- ўпка касалликлари: бронхит, астма, ўпка фиброзлари, ҳатто ўпка саратон касаллиги.
- юрак-қон томир тизимига таъсир: гипертония, юрак хуружи хавфи ошиши.
- асаб тизимига таъсир: бош оғриғи, чарчоқ, диққат етишмаслиги, уйқусизлик.
- иммунитет тизимига таъсир: иммунитетнинг тушиши, инфекцияларга мойиллик.
- жигар ва буйракка зарар: узоқ муддатда токсик таъсир билан функционал етишмовчиликка олиб келиши мумкин.
Болаларга зарари:
- нафас олиш тизимига кучли таъсир: болаларнинг ўпкаси ҳали тўлиқ ривожланмаган бўлади, шундай экан, уларда астма ва аллергик касалликлар ривожланиши хавфи юқори;
- неврологик таъсир: ақлий ривожланишни секинлаштириши, диққат етишмаслиги ва гиперактивлик (АДГД) ривожланиши мумкин.
- иммунитетга таъсир: инфекцияларга тез-тез чалиниш.
- ўсишга таъсир: баъзи моддалар гормонал тизимни издан чиқариб, болаларда ўсиш муаммоларига олиб келиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, автошина ёқиш жуда хавфли бўлиб, нафақат ёқувчи одамга, балки унинг атрофидагиларга, хусусан, болаларга жиддий саломатлик муаммоларини келтириб чиқаради. Бу экологик ва санитар талабларга зид ҳисобланади.
Шу муаммонинг ечимида ёрдам берсангиз.
Самарқанд шаҳар Бўзи-2 маҳалласи фаоллари.