Зебинисобегим кўчасида яшовчилар нимадан норози?

Гап Самарқанд шаҳридаги Саид маҳалласи, Зебинисобегим кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг бу ерда қурилган уч қаватли уй ва унинг қурилиши оқибатида келиб чиққан муаммолар билан боғлиқ шикоят хати ҳақида бормоқда. Ушбу маҳаллада яшовчи Ш.Фахритдинова, Ш.Султонова, Н.Аҳтамова, С.Султоновалар вилоят ҳокимига ҳокимнинг телеграм мессенжери орқали мурожаат қилиб, 2017 йилда бу ерда тадбиркор Акмал Аброров қўшнилар розилигини  олмасдан, ноқонуний равишда уч қаватли иморат қурганлиги, бунинг оқибатида маҳалланинг тинчи бузилгани ва икки томондаги қўшниларнинг яшаш уйлари жиддий зарар кўрганлигини ёзган. Муаммони ҳал қилишда холисона ёндашувни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими таклифи билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими томонидан ишчи гуруҳи тузилди ва вазият жойида ўрганилди.

МУАММО НИМАДА?

Саид маҳалласига борганимизда муаммога сабаб бўлган кўп қаватли уй бузилаётган экан. Бу ҳақда кейинроқ. Дастлаб муаммонинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратсак.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳар ҳокими (В.Раҳимов)нинг 2017 йил 30 июндаги 1100-Қ-сонли қарорига асосан Аброров Акмал Алишеровичга Самарқанд шаҳар, Зебинисобегим кўчаси 58-уйдаги 1320,54 квадрат метр майдонда жойлашган ҳовли-жой биноларини бузиб, янги лойиҳа ҳужжатлари асосида уч қаватли уй-жой бинолари сифатида қайта қуришга рухсат берилган. Ушбу ҳужжат асосида А.Аброров бир йил давомида иморатни қурган. 2018 йил 5 июлда Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Т.Эсиргапов томонидан "Эгалик қилиш ҳуқуқини белгилаш тўғрисида" 1210-Қ-сонли қарор қабул қилинган ва шу ҳужжат асосида А.Аброров бу уйга эгалик қилган.

Аввалига бир оила яшаши учун ҳовли-жой қуришни мақсад қилганлигини билдирган А.Аброров секин-аста оз эмас-кўп эмас, 38 хонадонга эга  иморат қурган. Қабул қилинган қарор бунга мос келмаслиги, бундай "улкан уй" қурилишидан норози бўлган Зебинисо кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар 58-уйнинг қонунга зид равишда қурилганини билдириб, турли идораларга мурожаат қилган…

ХЎШ, ОДАМЛАР НЕГА БУ УЙ ҚУРИЛИШИГА ҚАРШИ БЎЛИШДИ?

Маҳалла фаоли Эркин Қосимов:

– Мен кўп йиллар шу маҳаллага раислик қилганман. Биз аввал бошдан бу ерда кўп қаватли уй қурилишига қарши чиққанмиз. Лекин тадбиркор "Қўлимда шаҳар ҳокимлигининг қарори, мутасадди идора раҳбарларининг рухсатномаси бор", дея бизнинг қаршилигимизга қарамай қурилишни амалга оширди. Мен салкам ўттиз йил қурилиш ташкилотларида ишлаганман. Бир қаватли ҳовли-жойлар орасида кўп қаватли уй қурилиши на қонунчилигимизда, на бошқа меъёрий ҳужжатларда бор.

56-хонадонда яшовчи Лола Султонова:

– Менинг уйим шу ноқонуний бинонинг ёнида жойлашган. Бу бинонинг қурилиши оқибатида уйимнинг бу ерга туташ хонаси девори ёрилиб кетди. Кейин билсам, ён томони пойдевори ва девор қисми ҳам жиддий дарз кетибди. Уйни қурган А.Аброровга айтайин десам, қурилиш давомида қорасини кўрсатмади: қураётган қурувчи эса "Мен ответственний эмасман", дейди. Эгаси бош­қа, қурувчиси бошқа, квартираларни сотгани қайси-ю олгани қайси, ҳамма иш сирли равишда кечди. Лекин жавоб берадиган одам йўқ...

Ушбу иморатнинг чап томонидаги қўшни ҳовли – 60-хонадонда яшовчи Шоҳиста Фахриддинова шу куни ўз юмуши билан сафарда бўлганлиги боис аввал кекса онаси билан гаплашдик, сўнг ўзи билан телефон орқали боғландик.

– Кўп қаватли уйнинг қурилиши оқибатида уйим деворларининг турли жойлари ёрилиб, яшашимиз учун хавфли ҳолатни юзага келтирди, – деди Ш.Фахриддинова. – Бундан хавотирга тушиб, қурилишни тўхтатиш ва кўрган зараримни ким қоплашини талаб қилиб Самарқанд шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганимда менинг дардимни ҳеч ким эшитмади.

Яқинда вилоят бош архитектори Б.Элмуродовга учрашганимда у "Бу ҳудуддаги бир неча уйлар бузилиб, ўрнида "Самарқанд сити" таркибидаги бинолар қурилади. А.Аброровга тегишли бино ҳам бузилади, сизники ҳам. Ўшанда уйингиз баҳолаш комиссияси аъзолари иштирокида нархланиб, пул берилади", деди. Аммо бирор марта уйимиз бузилиб, унинг ўрнида "Самарқанд сити" лойиҳаси бўйича бинолар қурилиши тўғрисида огоҳлантириш хати олганимиз йўқ. Ҳатто бу ерда қанақа иморат бўлиши ҳақида ҳам ҳеч ким маълумот берган эмас.

МУАММОЛИ УЧ ҚАВАТЛИ БИНО БУЗИЛДИ

Салкам икки йилдан буён аҳоли эътирозига сабаб бўлиб келаётган 58-уй бўйича суд қарори чиқарилиб, унга кўра Самарқанд шаҳар ҳокимининг 1100-Қ-сонли ва 1210-Қ-сонли қарорлари бекор қилиниб, уй ноқонуний равишда қурилган, деб топилди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 октябрдаги Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик потенциали ва шаҳарсозлик концепциясини ривожлантириш бўйича сайёр йиғилиши баёни асосида Самарқанд шаҳар ҳокими (Ф.Раҳимов) 2018 йил 1 ноябрда "Самарқанд шаҳрининг потенциали ва шаҳарсозлик концепциясини ривожлантириш муносабати билан турар ва нотураржой бино-иншоотларини бузишга рухсат бериш тўғрисида"ги 2093-Қ-сонли қарор қабул қилди. Қарорда бир қатор турар жойлар қаторида Зебинисобегим кўчасидаги уйлар бузилиши назарда тутилган ва бу ҳужжатга асосан мазкур уй ҳозирги вақтда бузилмоқда.

Бу ҳолатга Самарқанд шаҳар бош архитектори Ф.Мардонқулов шундай изоҳ берди:

– Бу ерда яшовчи фуқаролар уйнинг ноқонуний қурилаётгани ҳақида бизга ҳам кўп мурожаат қилишди. Бундай вазиятда масала суд орқали ҳал этилишини айтганмиз ва суд ҳамма томонни ўрганиб, одилона қарор чиқарди. Шуни ҳам айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бу ҳудудда "Самарқанд сити" лойиҳаси асосида меҳмонхоналар қурилиши муносабати билан 2022 йилга қадар Саид маҳалласининг собиқ "Алпомиш" заводига туташ 12-мактабгача бўлган 2,58 гектар майдонида жойлашган 119 та тураржой ва 6 та нотураржой бинолари ҳам бузилиб, хонадон эгаларининг хоҳишига қараб, бошқа жойдан уйларига тенглаштирилган уй ёки пул маблағлари берилади. Бу ҳақда аҳоли шаҳар ҳокимлиги томонидан хабардор қилинган.

ХОНАДОН ЭГАЛАРИ УЙЛАР БУЗИЛИШИ ҲАҚИДА 6 ОЙ ОЛДИН БИЛИШЛАРИ КЕРАК

Шаҳар бош архитекторининг гапидан кейин иккинчи муаммо келиб чиқди. Суриштирувимиз давомида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Ф.Истамов бу майдон "Самарқанд сити" лойиҳаси асосида бунёд этиладиган бинолар учун олиниши ва бир неча фуқаролар уй-жойлари бузилиши ҳақида огоҳлантирилганини айтди. Бироқ Зебинисобегим кўчасида яшовчи фуқаролар бу ҳақда кимлардандир эшитгани, аммо ҳеч бир мутасадди идора вакили хонадонига келиб, расмий огоҳлантирмаганини билдирди. Буни қандай тушуниш мумкин?

Ахир Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори асосида қабул қилинган "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида Низом"нинг 4-бандида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш бу жараён бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб, ёзма равишда ҳар бир яшовчини хабардор қилиши шартлиги белгиланган. Низомнинг 18-бандига кўра эса бузилаётган уй (квартира) эгасининг розилигига кўра тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тегишли қарорда уйларни топширишнинг аниқ муддатини кўрсатган ҳолда қурилаётган уйлардан бир ой муддатда турар жой бериши шарт.

ФУҚАРОЛАР ҲАМОН БЕЗОВТА

Гарчи аҳоли тинчини ўғирлаган уч қаватли уй бузилган, бунинг натижасида муаммога ечим топилган бўлса-да, улар ҳамон безовта. Бу бежиз эмас. Биринчидан, бузилган бу бино ўрнида яна бир ноқонуний иморат қурилмаслигига ким кафолат беради? Иккинчидан, бинонинг қурилиши сабаб 56– ва 60-уйларда яшовчи фуқароларнинг хонадонлари жиддий зарар кўрган. Буни ким қоплайди, бунга ким компенсация тўлайди?

– Юқорида айтганимдек, бу ҳудудда бир-бир ярим йилдан сўнг "Самарқанд сити" лойиҳаси асосида замонавий меҳмонхоналар қурилишига киришилади, – дейди Ф.Мардонқулов. – Шунинг учун бу ерда ҳеч қандай янги қурилишга рухсат берилмайди.

Хўп, шундай бўлади, дейлик. Бу яхши. Аммо иккинчи саволга уларнинг жавоби йўқ.

– Ноқонуний уй қурилиши давомида хонадоним девори ёрилган бўлса, 29 мартдаги кучли ёғингарчилик оқибатида яна зарар кўрдим, – дейди Ш.Фахриддинова. – Чунки 58-уй бузилиши давомида қурилиш чиқиндилари вақтида олиб кетилмади. Оқибатда бино ҳовлисида катта сув тўпланди ва унга туташ иккита хонамга сув сизиб ўтиб, девор ва полларни таъмирталаб ҳолатга келтирди. Шаҳар бош архитектори ҳам, вилоят бош архитектори ҳам уйингиз бузилади, шунда нарх­ланиб, ҳақ оласиз, дейишдан нарига ўтмаяпти. Бунга ишонмайман. Чунки Самарқанд шаҳрининг бош режаси ҳали тасдиқланмаган, "Самарқанд сити"нинг "Алпомиш" заводи ўрнидаги асосий қисмида ҳалигача қурилиш бошлангани йўқ. Бу бизнинг уйлар ҳали-бери бузилмаслигидан дарак. Қолаверса, вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотига кўра, биз яшайдиган Зебинисобегим кўчасидаги турар ва нотураржой бинолари ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган ҳудуднинг буфер зонасида жойлашган.

ОДАМЛАР БИЛАН ОЧИҚЧАСИГА ГАПЛАШИШ ШУНЧАЛИК ҚИЙИНМИ?

Саид маҳалласида бўлиб, одамлар билан суҳбатлашиб бир хулосага келдик: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бу ерда кўп қаватли уй-жой қурилишига рухсат берганида ҳам, унинг бузилишида ҳам, "Самарқанд сити" лойиҳаси асосида ҳудудда замонавий иншоотлар барпо этилиши ва бунинг учун айрим тураржой бинолари бузилиши мумкинлиги ҳақида ҳам очиқ-ойдин гаплашиб олмаган. Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек аҳоли наздида сирли, хуфиёна қилинган ишлар, қабул қилинган қарорлар уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Ўз-ўзидан саволлар ёғилиб келаверади: ҳокимлик, қурилиш корхонаси раҳбари Зебинисобегим кўчасидан уй қураётганида нега аҳолини хабардор қилмади, улар билан очиқ-ойдин суҳбатлашмади?

Нега бир қаватли ҳовли-жойлар орасида кўп қаватли уй қуришга рухсат берилди? Аҳолини норози қилиб, кимдир чўнтагини қаппайтирса, бу адолатдан бўладими? Чунки қурилган бу уйдан квартира сотиб олганлар ҳаммаси бўлиб бир неча ой яшаган. Уй хусусий маблағ ҳисобидан қурилган ва уни сотганлар яхшигина пул ишлаб олган. Энди уни бузиш давлат маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда. Биздаги маълумотларга қараганда, ҳар бир хонадон эгасига турар жойининг ҳажмига қараб, 30-40 минг доллардан берилган экан. Энди бу суммани 38 га кўпайтиринг. Бунинг ортида яққол жиноят яширинмаганми?

Яна саволлар "оқиб" келаверади: 56– ва 60-уйларда яшовчи Л.Султонова ҳамда З.Фахриддиновалар ноқонуний қурилиш ва 29 мартда бўлган ёмғирли кундаги ҳолатдан кўрган зарарини ким, қандай қоплайди?

Бу ерда "Самарқанд сити" лойиҳаси бўйича бинолар қурилиши тўғрисида шаҳар ҳокимлиги аҳолини нега хабардор қилмади? Нега бу ерда қандай иморатлар қад ростлаши ҳақида маълумот бермади? Самарқанд шаҳар ҳокимининг "Самарқанд шаҳрининг потенциали ва шаҳарсозлик концепциясини ривожлантириш муносабати билан турар ва нотураржой бино-иншоотларини бузишга рухсат бериш тўғрисида"ги қарори моҳиятини нега ҳеч ким аҳолига тушунтирмаяпти?

Аксинча, ҳокимлик вакиллари аҳолини бир жойга чақириб, Самарқанд туризм шаҳри, мамлакатимизнинг кўрки экани, бу ерда Президентимиз ташаббуси билан "Самар­қанд сити" бунёд этилаётгани ҳар бир самарқандлик учун ифтихор экани, зарурлиги боис уларнинг уй-жойлари ўрнида иморатлар барпо этилиши, бунинг учун ҳар бир фуқарога уйлари нархида бошқа жойдан тураржой берилишини айтиши керак эди. Катта кўринишлардаги плакатларда унинг лойиҳаларини бир эмас, бир неча марта тақдим этиши лозим эди. Ана шу тақдимотлар ўтказилмаганлиги учун эндиликда мутасаддилар уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон соҳиби билан индивидуал тарзда гаплашган ҳолда муаммога ечим топишларига тўғри келади. Чунки биз билан мулоқот қилган тураржой эгалари ўз уйларининг бузилишига ва бу ердан бошқа жойга кўчиб боришга рози эмасликларини, уларнинг мулкига ҳеч ким дахл қила олмаслигини маълум қилди.

Бу саволларга жавобни ким беради?

Акрам ҲАЙДАРОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

"Зарафшон" мухбирлари.