Темирчи устанинг “Жасорат”и
Президентимизнинг фармонига кўра, маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Иштихон туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, темирчи уста Сайитназар Ҳайитов “Жасорат” медали тақдирланди.
Иштихон туманида техникаси бор одам борки, барчаси орлотлик уста Сайитназар акани яхши танийди. Темирни сеҳрловчи, қўли билан хамирдек қайириб, истаган ҳолатига келтирадиган уста деб билади. У қарийб 30 йилдан буён темирчилик билан шуғулланиб, 2 мингдан зиёд иш қуроллари, қишлоқ хўжалик ерларига ишлов берувчи ускуналар ва уларга эҳтиёт қисмлар ясайди.
2-гуруҳ ногирони Сайитназар Ҳайитов 63 ёшда бўлишига қарамай ҳозир ҳам оғир ва мураккаб иш билан шуғулланиб келади. Икки ўғли ёнига кириб, унинг ишини давом эттирмоқда. Ҳатто турмушга чиқиб кетган қизлари ҳам техникаларни созлашга қизиқади. Устахонага кириб қолса бас, қўлига болғани олиб нималарнидир ясашга уринади.
- Темирчиликка болалигимдан ишқим тушган, - дейди Cайитназар Ҳайитов. – Тоғаларим техника мингани туфайли менда ҳам шу соҳага қизиқиш баланд эди. Трактор ва автомашиналарнинг барча турларини ҳайдай оламан. Айниқса, уларни таъмирлаш ёки темирдан бирор бир эҳтиёт қисмлар ясашга интилардим. Ўта мураккаб бўлган қисмларни ҳам темирни қиздириб босқонда уриб ясашдан завқ оламан.
С.Ҳайитов Россиянинг Сибирь ўлкаларида ҳарбий хизматни ўташ даврида оёғидан қаттиқ жароҳат олган. Ҳарбий госпиталда шифокорлар унинг чап оёғини гангрена бўлмасин деб кесиб ташлашларига тўғри келган. Операциядан кейин дунё кўзига қоронғи бўлиб кетди. “Энди бир оёқ билан қандай яшайман, нима иш қиламан? Ҳатто тракторга ҳам мина олмайманку” деб эзилди. Уйига ясама оёқ – протез билан келгач, ота-онаси, ака -укалари ва яқинлари унга далда бўлишди. Аста-секин протезга ҳам ўрганиб, далада меҳнат қила бошлади. Матонат билан ишлаб, оила тебратди, рўзғорга яқиндан ёрдам берди.
Кейинчалик Навоий педагогика институтини битириб, қишлоқ мактабида бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераётган Раҳима исмли қизга кўнгил қўйди. Совчи юбориб, унга уйланди. Қарийб ярим асрдирки бахтли оила бўлиб, биргаликда умргўзаронлик қилиб келмоқда.
- Қирқ йилдирки, бир ёстиққа бош қўйганмиз, - дейди Раҳима опа. – 30 йил мактабда дарс бердим. Икки ўғил ва икки қизни тарбиялаб вояга етказдик, уйли-жойли қилдик. Ҳаётнинг барча қийинчиликларини бирга енгиб ўтдик. Баъзида ҳатто ногиронлигимиз ҳам эсдан чиқиб кетади. Тўрт мучаси соғдек тинимсиз меҳнат қилиб келдик. Яратганга шукр ўндан зиёд набираларимиз бор.
С. Ҳайитов томорқасида 550 туп ток, 500 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар бор. 5-6 та чорва молидан ташқари қўй боқади.
Сайитназар ака қўшниси ва шогирди Пардабой Болтаев билан эрталабдан кечгача, устахонадан чиқишмайди. Чунки уларнинг қўл меҳнати маҳсулини билганлар, нафақат Орлот маҳалласи, балки туманнинг бошқа қишлоқларидан, қўшни Пайариқ ҳамда Қўшработ туманларидан ҳам излаб келишади. Навоий вилоятидан ҳам келиб, тракторнинг нозик эҳтиёт қисмларини ясатиб кетишади.
- Ҳозир айни деҳқончилик палласи эмасми, кунига 7-8 та буюртма келади, - дейди Пардабой ака. – Устанинг қўли қўлига тегмайди. Пешма-пеш кетмон, болта, паншаха, белкурак каби меҳнат қуролларини ясаб бераверамиз. Бир ишга уннадими бас, тугатмагунича тинчимайди. Биз шогирдлар ҳам яқиндан ёрдам бериб турамиз. Раҳима янгам тушликни устахонага олиб келгандагина овқатланиши мумкин.
Сайитназар ака темирчиликдан ташқари овчиликка қизиқади. Хоббиси туфайли овчилар жамиятига аъзо бўлган.
- Ов мавсумида рухсат берилган ҳудудларга бориб ёввойи парранда ва даррандаларни овлаб келаман-, дейди Сайитназар ака. - Айниқса, ёнимга керакли асбоблар ва нонуштани олиб тоғларга чиқиб, ёввойи каптар, бедана, каклик, шунингдек, бўрсиқ, тулки каби ҳайвонларни ҳам овлашимга тўғри келади. Шунингдек, тақиқланмаган муддатларда Тўсинсой сув омборига бориб қармоқ билан балиқ, ўрдак ушлаб келаман.
Овчилик ҳам мураккаб жараён. Баъзи овчилар куни билан юриб бирор нарса ушлолмаслиги мумкин. Лекин Сайитназар ака ёввойи қушларни чақириш учун махсус ясама қушни ихтиро қилган.
- Менга давлат мукофоти берилганини эшитиб, жуда ҳайратландим, - дейди Сайитназар ака. – Мен бир чекка қишлоқда яшаб, элимизга беминнат хизмат қилиб келаётганимни билиб шундай мукофотга раво кўришганидан миннатдорман. Бундан кейин ҳам бор куч-ғайратим билан халққа хизмат қиламан.
Сайитназар Ҳайитов билан суҳбатлашар эканмиз, ундаги шижоатни кўриб ҳайрон қолдик. Тиниб-тинчимас уста биз билан гаплашиб туриб ҳам темирни қиздириш билан машғул. Гап орасида ўзи ясаган ихтиролар ҳақида ҳам сўзлаб берди.
- Ясаган ҳар бир буюминг кимгадир, қанақадир наф келтириши шарт, - дейди у шогирдларига. – Бўлмаса ундан фойда йўқ. Нимагадир қўл урдингми албатта, меҳр билан ишлов беришинг керак. Ана шундагина уста деган номинг чиқади ҳамда элда ҳурмат қозонасан.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ.