Пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш қоғоздан рақамли тизимга ўтказилди
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 413 614 нафар пенсия ва нафақа олувчилар бўлиб, уларнинг 306 089 нафарини ёшга доир пенсия олувчилар ташкил этади. Шунингдек, 36 725 нафар ногиронлик, 21 377 нафари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар ҳисобланади. Ижтимоий нафақа олувчилар эса 47 170 нафарни ташкил қилади.
Бу маълумотлар вилоят Матбуот уйида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдужаббор Неъматов иштирокида бўлиб ўтган анжуманда айтилди.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғриси»даги қарори билан “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди, - дейди А.Неъматов. - Айни кунда ушбу низом талабига кўра вилоятимиздаги кам таъминланган оилаларни ягона реестрга киритиш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, 2020 йил 1 ноябридан 2021 йил февраль ойигача ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисида 158 мингга яқин ариза қабул қилинди. Уларнинг 49,6 фоизи, яъни 78 408 нафар фуқаронинг аризаси ижобий ҳал этилди.
Жорий йилнинг март ойида 155 038 нафар нафақа ва моддий ёрдам олувчиларга 60,2 миллион сўм ижтимоий нафақа, 7,7 миллион сўм компенсация тўлаб берилди. Шунингдек, 2 ёшгача бўлган 68 288 нафар нафақа олувчига 29,6 миллион сўм, 68 488 нафар 14 ёшгача нафақа олувчига 16,9 миллион сўм тўлов молиялаштирилди.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олинди.
Дилмурод Тўхтаев.