Адлия бошқармаси: СамДУ Каттақўрғон шаҳар филиали ўқитувчиси босим билан, ноҳақ ишдан бўшатилган

Каттақўрғонда ўқитувчи ноқонуний ишдан бўшатилган. СамДУ Каттақўрғон шаҳар филиали стажёр ўқитувчиси Х.Абдуллаевани филиалнинг ўқув ишлари бўйича проректори, педагогика ва тилларни ўқитиш факультети декани ва бир гуруҳ масъуллар ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш, бўлмаса “статья” билан ишдан бўшатиб юбориш билан қўрқитишган.

Суд ҳужжатларига кўра, филиал раҳбарияти фуқарога ички меҳнат тартиб-қоидаларини бузиб келаётганлиги ва кафедра билан алоқани узиб қўйиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўла туриб, касаллик варақасини тақдим этмагани, шунингдек, 2022 йил 5 январдан 2002 йил 8 февралгача 28 иш куни мобайнида ишда бўлмаганлигини рўкач қилган. Х.Абдуллаева эса мазкур муддат давомида оғзаки рухсат олиб, онлайн тарзда талабаларга дарс бериб келган.

Бўлиб ўтган тортишувлардан сўнг у ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлган. Бунинг устига фуқаро 17-18 февраль кунлари ишда бўлган ва аризани ҳам 17 февраль куни ёзган бўлса-да, у билан тузилган меҳнат шартномаси филиал директорининг тегишли буйруғига кўра, 2022 йилнинг 17 февралидан эмас, 14 февралидан бекор қилинган. Бу ҳолат эса Самарқанд давлат университети Каттақўрғон шаҳар филиали ички тартиб-қоидаларининг 23-бандига зид.

Яъни, ушбу бандда ходим томонидан берилган ариза у берилган кун ва кейинги кундан кечиктирмай филиал директорига тақдим этилиши, ходимнинг аризаси узрли сабабларга кўра ишни давом эттиришнинг имкони бўлмаган ҳолларда у берилган кундан филиал директорига тақдим этилиши белгиланган. Бундан кўринадики, филиал раҳбарияти ўз ички-тартиб қоидаларига ўзлари ҳам амал қилмайди.

Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жорий йил 19 февраль кунги маълумотномасида Х.Абдуллаева 27-28 ҳафталик ҳомиладор эканлиги кўрсатилган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш мумкин эмас. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, албатта. Иш берувчи буни билган ҳолда ходимга ишдан ўз хоҳиши билан бўшаш ҳақида ариза ёзиш ёки ўзлари ишдан бўшатишлари тўғрисида шарт қўйиб, кодекснинг юқорида қайд этилган моддаси талабларини очиқдан-очиқ бузган.

Х.Абдуллаеванинг Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон шаҳар филиали томонидан ноқонуний равишда бўшатилганлиги ҳолати юзасидан норози бўлиб ёзган мурожати Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, меҳнат шартномасини бекор қилишда филиал томонидан бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Шу асосда фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилган.

Судда филиал вакиллари томонидан келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади. Ходимнинг ишни давом эттира олмаслик ҳолатини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд эмаслиги аниқланиб, филиал масъуллари низони кўриш вақтида меҳнат шартномасини бекор қилиш қонуний эканини исботлаб бера олишмади.

Суднинг 2022 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, Х.Абдуллаева Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалига 0,50 штат бирлигида гуманитар фанлар кафедрасига стажёр ўқитувчи вазифасига ишга тикланди. Филиал зиммасига фуқаронинг мажбурий бекор юрган вақтлари учун 6 088 192 сўм иш ҳақи ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний бекор қилганлиги оқибатида етказилган маънавий зиён учун 3 043 096 сўм маънавий зарар ундириш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, суд томонидан филиалда йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини келгусида олдини олиш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш учун Самарқанд давлат университети ректори номига хусусий ажрим чиқарди, дейилади адлия бошқармаси хабарида.

М.Ҳасанов,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.