Самарқандлик санъаткорлар “II Халқаро мақом санъати анжумани”да иштирок этмоқда
Жиззах вилоятининг Зомин туманида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО шафелиги остида “II Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда иккинчи марта ўтказилаётган анжуманда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. Улар орасида вилоятимиздан 100 нафарга яқин мақом санъати вакиллари, ансамбль жамоалари, ҳунармандлар ва соҳа масъуллари иштирок этяпти.
- Зомин анжуманида жамоамиз хонанда ва созандалари мақом санъатининг ўлмас мумтоз наволарини ижро этиб, кўрик-танловларда қатнашяпти - дейди Ўзбек миллий мақом санъати маркази вилоят ҳудудий бўлими директори Абдунаби Тўхтаев. – Асосийси, тадбирда миллий мақом санъатимизни тарғиб қилиб, янги мақом куйларини ўрганяпмиз ва хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашиляпти. Шунингдек, иштирокчилар “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинациялари бўйича танловда иштирок этмоқда. Анжуманга яхши тайёргарлик кўрганмиз, насиб қилса, натижа ҳам шунга яраша бўлади.
Анжуман 30 июнга қадар давом этади. Тадбир доирасида халқаро мусиқа ярмаркаси, мақом санъатига оид турли кўргазмалар, жумладан, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, фотосуратлар намойиши ҳамда ярмаркалари ташкил этилиши кўзда тутилган.