Афғон элининг фиғонлари

“Ал-асмоу танзилу мин ас-само” (Исмлар осмондан тушади), дейилади муқаддас битиклардан бирида. Бу ҳақда улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳазратлари “Фарҳод ва Ширин” достонида қалам юритиб, исмлар шунчаки қўйилмаслиги, ном албатта, у ёки бу одамнинг тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши ҳақида ёзганлар. Ён қўшнимиз Афғонистон ҳақида гап кетганида, мутафаккир шоирнинг ушбу фикрлари нафақат кишилар номи, балки бошқа ҳолатларда ҳам, шубҳасиз тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилмай иложимиз йўқ. Нега десангиз, “афғон” калимаси араб тилидаги “фиғон” сўзининг кўпликдаги шакли бўлиб, алам, фиғон, ғам, оҳ, нотинчлик сўзларининг маъносини ўзида акс эттирса, не ажаб... 

Дарҳақиқат, бу жаннатмакон диёр мана, ярим асрдирки, нотинч. Бугунги кунда жаҳон айвонидаги катта давлатлар ва мафкуралар манфаатининг ҳалокатли гирдобига тушиб қолган бу мамлакат яна алам, фиғон, ғам, оҳ ва ночорлик комига тортиляпти.

Хўш, дунёнинг оғзи катта жаҳонгирлари бу шўрпешона, бечора халқдан нимани истаяпти? Маълумки, ҳаётни икки муҳим омил бошқариб, йўналтириб туради. Улардан бири юқорида айтганимиз – манфаат бўлса, иккинчиси – қўрқув. Афғонистоннинг теварак-атрофидаги узоқ-яқин қўшниларнинг барисида мана шу икки туйғу мавжуд. Айтайлик, бугунги кунда афғон можаросига фаол аралашаётган Покистонни олиб кўрадиган бўлсак, бу мамлакат ўзидаги асрлардан буён бошоғриқ бўлиб келаётган пуштунлар муаммосини Афғонистон ҳисобига ҳал қилиб олишни истайди. Акс ҳолда, пуштунларда Покистоннинг каттагина қисми – Вазиристонни мамлакатдан ажратиб олиш иқтидори мавжуд. Шу боис ҳам покистонликлар бир вақтлар совет армиясига қарши толибон ҳаракатини  шакллантирган ва уларни радикал исломий ғоялар билан қуроллантириб, АҚШ кўмагида замонавий ҳарбий аслаҳалар билан таъминлаганди. Ўшандаги ўзаро муштарак мақсад Афғонистонни шўро қўшинларидан тозалаш бўлиб, бу борада Покистоннинг манфаатлари Америка манфаати билан мос тушган эди.

Бундаги иккинчи ўйинчи АҚШ бўлиб, у дунё миқиёсида Ғарб таомилидаги демократик тизимни мустаҳкамлаб, ўрни келганда Афғонистоннинг бой табиий ресурсларидан фойдаланиш истагини яширмайди. Американинг бундаги асосий қўрқуви: Афғонистонни террорчилик уясига айланиб кетишидан хавотир қилади.

Қўшни Эроннинг қизиқишлари ҳам ўзига хос. Аввало, ён биқинида АҚШ таъсири остидаги мамлакат бўлишини хоҳламайди. Шу билан бирга бу ҳудудда Покистон ва бошқа қувватли давлатлар таъсири кучайишини ҳам истамайди. Россия эса Ўрта Осиё республикаларида радикал ислом мафкурасининг ёйилишидан хавотирда. Чунки бу ҳолат келажакда ўзи учун ҳам янги муаммолар пайдо қилишини яхши англайди. Янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилаётган Хитой Халқ Республикасини эса Афғонистоннинг қимматбаҳо табиий бойликлари ва каттагина истеъмол бозори қизиқтиради. Хитойнинг бу борадаги қўрқуви битта: у ҳам бўлса толибонни Шарқий Туркистондаги мусулмонлар билан ҳамкорлик қилишига йўл қўймаслик. Уларни бундай ҳаракатдан тийиш учун Хитой толибларга ҳар қандай ёрдамга тайёр. Туркманистон ҳам Афғонистонда тинчлик бўлишидан жуда манфаатдор. Нега десангиз, Афғонистон туркман газини Покистон ва Ҳиндистонга қувур орқали экспорт қилиш учун энг қулай ҳудуд ҳисобланади. Тожикистон эса Афғонистонга электр энергиясини сотишни истайди. Аммо тожикистонликларни толибларнинг ички бошқарув ишларига аралашуви икки мамлакат орасида муаммолар келтириб чиқариш эҳтимолини пайдо қилиши мумкин.

Бу борада Ўзбекистоннинг манфаатлари ва эҳтиёткорлиги ҳақида гап кетганда, аввало, Афғонистон бизнинг ён қўшнимиз эканлиги ва у ердаги воқеалар давлатимизнинг миллий манфаатлари учун ўта дахлдор эканлигини унутмаслигимиз керак. “Қўшнинг тинч – сен тинч”,  деган ҳикматли сўз шу ўринда алоҳида аҳамият касб этади. Маълумки, мамлакатимиз катта савдо йўлларидан анча ичкарида. Тўғридан-тўғри дунё океанига чиқадиган сув йўлларимиз йўқ. Айнан ана шу омиллар Ўзбекистон томонининг афғон муаммосига муносабатини аниқ белгилаб беради. Афғонистонда тинчлик бўлишидан ҳаммадан кўра, биз манфаатдормиз. Маълумки, Ҳинд океани сувларига олиб чиқувчи энг қисқа йўл Афғонистон орқали ўтади. Агар жануб томон йўналган темир йўлларимиз келажакда қурилажак "Мозори Шариф – Ҳирот – Кобул – Пешавар" темир йўли билан туташадиган бўлса, денгиз портларига чиқишимиз масофаси икки-уч баробар қисқарган бўларди. Шу боис бўлса керак, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурларига ушбу мамлакат билан муносабатларимизни яхши қўшничилик асосида қуришимиз лозим эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтган. Энди афғонларнинг ўз юртида қанақа сиёсат юргизиши уларнинг мутлақо ўз ички ишлари ҳисобланади. Ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашув худди бошқа оиланинг ички муаммоларига аралашиш сингари ёқимсиз, балки кераксиз машғулотдир.

Энди мақоламиз бошида айтилган Афғонистон атамаси ҳақида яна тўхталадиган бўлсак, мамлакат номини Авғонистон, дея қайта номланса, тўғрироқ бўларди. Нега десангиз, бу мамлакат номини афғон сўзига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бизнинг Марказий Осиё халқларининг тилида авғо атамаси мавжуд. Бу форсча "ағбо" сўзининг бузилган шакли бўлиб, "довон", деган маънони ифодалайди. Шу маънода, Афғонистон дастлаб Ағбонистон, яъни довонлар мамлакати, дея аталган бўлиши мумкин. Бизнинг шеваларда ҳали ҳам бу мамлакат номи Авғонистон тарзида талаффуз қилинади. Ҳақиқатан ҳам, Афғонистон тоғлар ўлкаси бўлганлиги боиси унда беҳисоб довонлар мавжуд эканлигини эътиборга олсак, мамлакатга ўша эски номини қайтариш лозимга ўхшайди. Балки, шундай қилинса, Афғонистон бугунги қайғу – фиғонли муаммоларидан халос бўлармиди?!

 Худойберди КОМИЛОВ,,

“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.