Фестиваль доирасида ўтказилаётган кўргазмали чиқишлар, мусобақалар Ўзбекистон чемпионати учун маҳорат дарслари вазифасини ўтаяпти

Вилоятимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивали бугун Самарқанд шаҳрида давом этяпти.

Фестиваль доирасида Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон -  Финландия педагогика институтида ташкил этилган саҳнада санъатсевар истеъдодли ёшлар ўз маҳоратларини намойиш этди.

Сартепа массивидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида футбол ва бадиий гимнастика бўйича кўргазмали чиқишлар ва мусобақалар ташкил этилди.

- 3 ёшимдан бери спортнинг бадиий гимнастика тури билан шуғулланиб келаман, - дейди Самарқанд шаҳридаги 50-мактаб ўқувчиси Асал Аҳмедова. – Бир қанча республика мусобақаларида ғолибликни қўлга киритганман. Бугун ёшлар фестивали доирасида ўтказилаётган кўргазмали чиқишлар ва мусобақалар самарқандлик спортчилар учун яқинда Навоий вилоятида бадиий гимнастика бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионати учун маҳорат дарслари ҳамдир.

Бироздан сўнг Самарқанднинг Кимёгарлар ҳамда Хишрав шаҳарчаларида фестиваль доирасидаги концерт дастурлари бошланади.