Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутлик ўқувчининг сочини мажбурлаб олган ва унга жароҳат етказган мактаб директори ўринбосарига интизомий чора кўрилди

Бугун сайтимизда жойланган “Ургутдаги мактабда директор ўринбосари 11-синф ўқувчиларининг сочини мажбурлаб олган ва уларга жароҳат етказган” сарлавҳали хабарга Ургут тумани халқ таълими бўлимидан муносабат олдик.

Унда қуйидагилар баён этилган:

“Ургут туманидаги 47-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Очилов 11-синф ўқувчиси О.Холиқовнинг сочини ўсган ҳолда мактабга келгани сабабли ўқувчилар олдида унинг сочини олиб ташлагани, қайчининг тиғидан ўқувчининг бошига шикаст етгани акс этган фотосурат ва маълумотлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 23 сентябр куни тумандаги барча таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, мактабда “Одоб-ахлоқ қоидалари” ва бола ҳуқуқларининг доимий кафолатланиши тўғисида туман халқ таълими тизимида ишлаётган барча педагог ходимларга етказилди. Бу бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, раҳбарлардан  кафолат  хатлари олинганди.

Шунга қарамасдан, 47-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ш.Очилов берилган топшириқларга амал қилмагани, бефарқлиги учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан интизомий чора кўрилди”.