Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Блогерлар танловига марҳамат!

Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти ҳамкорликда блогерлар ва интернет нашрлари ўртасида “Самарқанднинг архитектураси ва ободончилигига бефарқ эмасмиз” мавзусидаги материаллар танловини эълон қилади.

Танловнингмақсади:

Мамлакатда фаолият юритаётган блогерлар ўртасида ижтимоий долзарб мавзуларни қамрайдиган блогерлик фаолиятини шакллантириш;

профессионал блог юритиш кўникмаларини ривожлантириш;

Самарқанднинг тарихий архитектурасини асраб қолиш ва замонавий қиёфаси қандай бўлиши кераклиги бўйича аҳоли муносабатини шакллантиришга ҳисса қўшиш;

жойларда ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларининг асл аҳволи қандайлиги тўғрисида мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш;

пировардида Самарқанднинг туристик салоҳиятини намойиш этиш, вилоятнинг ўзига хос тарихи, ҳудудда истиқомат қилаётган миллат ва элатлар маданияти ҳамда ўзига хос анъаналарини тарғиб этишдан иборат.

Танловга ўзбек ва рус тилларида ёзилган (шунингдек, бошқа тилларда ёзилган ва ўзбек тилига таржима қилинган) блогпостлар қабул килинади.

Танловда нафақат Самарқанд вилояти, балки Ўзбекистондаги барча блогерлар иштирок этиши мумкин.

Блогерлар матн кўринишида блогпост ёзиши, унга 5 донагача фото, 20 МВ гача бўлган ҳажмдаги видео файлларни илова қилиши мумкин. Матн асосидаги блогпостлар ҳажми чекланмаган.

Танловга ҳеч қайси интернет сайтларида эълон қилинмаган, 2019 йилнинг 1 майидан 20 июнигача бўлган муддат оралиғида чоп этиладиган материаллар тақдим этилиши сўралади.

Бир нафар иштирокчи томонидан тақдим этиладиган блогпост 5 (беш) тадан кам бўлмаслиги керак.

Ҳар бир материал қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

- мавзунинг долзарблиги;

- оригиналлик;

- ёзиш малакаси;

- шаxсий ва таҳлилий фикр (ғоя)нинг мавжудлиги;

- инновацион ва ноодатий услуб ҳамда ёндашувга эгалиги;

- муаммога ечим тақдим этиши ёки таклиф киритиши (агар бўлса).

Ғолиб блогерлар ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади.

Танловнинг якуний натижаларига кўра энг кўп овоз олган энг яхши уч нафар иштирокчи учун мукофот берилади.

Танлов ғолиблари 2019 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида эълон қилинади.

Блогпостлар www.zarnews.uz ва бошқа сайтларда “Блогерлар танлови учун” рукни остида эълон қилиб борилади.

Танловга блогпостларни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарининг info@zarnews.uz электрон почтасига ёки @zarafshonbot' тelegram ботига жўнатишингиз мумкин.

Танлов низоми билан www.zarnews.uz ва www.samaokb.uz да танишишингиз мумкин.

Ташкилий қўмита.