1 июлгача Самарқандда одам ДНКси экспертизаси йўлга қўйилади

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертизаси соҳасида экспертлик ишларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ Республика суд экспертизаси марказининг Фарғона, Сурхондарё, Хоразм ҳудудий бўлимларида одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Самарқандда одам ДНКсига қўшимча равишда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари ташкил қилинади.

Адлия вазирлиги:

● 2022 йил 1 июлгача Самарқанддаги, 2022 йил 1 декабргача Фарғонадаги, 2024 йил 1 сентябргача экспертиза бўлимларини халқаро стандартларга мос биноларга жойлаштиради;

● 2022 йил 1 ноябргача Хоразмдаги экспертиза бўлимини зарур техникалар билан таъминлайди;

  • ● 2023 йил 1 январгача суд экспертиза хулосаларини халқаро тан олинишини таъминлаш учун Суд-фонография ва Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини халқаро аккредитациядан ўтказади.