“ДНК” текшируви билан никоҳсиз туғилган боланинг отаси кимлиги аниқланди
Эъзоза Каримова (исм, фамилиялар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2017 йилда аммасининг ўғли Мансур Назаров билан унаштирилганлигини, у билан учрашиб туриши натижасида ҳомиладор бўлиб қолганлигини билдирган.
Шунингдек, 2018 йилда фарзанди туғилганлигини, жавобгар фарзандни тан олмаётганлигини, ундан ва фарзандидан хабар олмаётганлигини, туй ҳам бўлмаганлигини, Мансур Назаровни Илҳом Каримовнинг отаси деб белгилаб, жавобгардан фарзандининг таъминоти учун алимент ундириб беришни сўраган.
Суд жараёнида тарафлар бола туғилгунга қадар ҳеч нарсани билмаслигини, даъвогар Э.Каримова коллеж ўқувчиси эканлигини, ҳомиладорлигини ўзи ҳам сезмаганлигини, кунларнинг бирида оилада ҳушини йўқотгани учун шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари келиб тиббий ёрдам кўрсатганлиги ва унинг ҳомиладорлиги, тўлғоқ вақти етиб келганлигини маълум қилиб, зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимига жойлаштирилганлигини ва ўғил фарзанд туғилганлигини маълум қилинган.
Тарафлар қонуний никоҳдан ўтмаганлиги сабабли Э.Каримова ёлғиз она сифатида болага ўз фамилияси билан туман ФҲДЁ бўлими орқали туғилганлик ҳақида гувоҳнома олган.
Суд жараёнида жавобгар Мансур Назаров ушбу тасодифий қўйилган талабга эътироз билдириб, даъвогар билан унаштирилганлигини, бир неча марта учрашганлигини, лекин фарзандли бўлиш хаёлига ҳам келмаганлигини маълум қилиб, тегишли тартибда суд тиббий экспертизаси (ДНК экспертизаси) ўтказишликни сўради.
Тарафларга ва уларнинг ота-оналарига суд жараёнида ҳеч бир ДНК текширувисиз опа ва уканинг қариндошлик ришталарини боғлаган ҳолда, болага ФҲДЁ орқали оталигини ихтиёрий тан олиб, тўй-томоша билан келин ва набирани уйга олиб кетиш тушунтирилди. Аммо...
Белгиланган тартибда суд тиббий экспертизаси тайинланиб, тарафлар барчаси чақалоқ билан биргаликда Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси марказига йўл олишди.
Марказ экспертларининг тегишли қон намуналари асосидаги хулосалари асосида 2018 йилда туғилган Илҳом Каримовнинг отаси Мансур Назаров эканлиги тасдиқланди. Суд жавобгар Мансур Назаровдан алимент ундиришни ҳам белгилади.
Бир шўхлик, беодоблик ортидан янги бир оила вужудга келмасдан бузилди, бир-бирлари билан қариндошлик ришталари узилди.
Камол НАМОЗОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.