Суд биологик экспертизаси одам ДНКсини қон намунаси ёки соч толасидан дарҳол аниқлаб беради
Фуқаролар томонидан одам ДНКси суд биологик экспертизасига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда ва аноним экспертизалар тайинлашмоқда. Лекин аҳолининг кўпчилигида одам ДНКси суд биологик экспертизасига аноним мурожаат қилиш тартиби юзасидан маълумотлар кам ва тушунчалар етарли даражада эмас. Шу сабабли одам ДНКси суд биологик экспертизасига аноним мурожаат қилиш тартиби юзасидан маълумотларни келтириб ўтамиз.
Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним ДНК тадқиқотлари ҳақида тушунча:
- Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним мурожаат қилган шахсларнинг шахсига доир маълумотларни махсус белгилар асосида қайд этиш орқали тадқиқотлар ўтказилади, яъни текшириш объектларини тақдим қилувчилардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳ.к) талаб қилинмайди, сўров анкетасида шахсга доир маълумотлар кўрсатилмайди, тадқиқотнинг тури ва тақдим қилинаётган биологик материаллар махсус белгилар орқали ифодаланади. Тадқиқот натижаси юридик кучга эга бўлмайди.
Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним ДНК тадқиқотлари қуйидаги масалаларни ҳал қилади:
- биологик оталик фактини аниқлаш
- биологик оналик фактини аниқлаш
- биологик ака-укалик фактини аниқлаш
- биологик опа-сингиллик фактини аниқлаш
- биологик бобо-бувалик фактини аниқлаш
- ота авлод бўйича биологик қариндошликни аниқлаш (Й-хромосома бўйича)
- ташувчи (текшириш учун тақдим қилинган объект)даги биологик из генотипини аниқлаш
- ташувчи (текшириш учун тақдим қилинган объект)даги биологик изнинг жинсини аниқлаш
- ташувчи (текшириш учун тақдим қилинган объект)даги биологик изнинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш (агар солиштирма намунаси тақдим қилинса).
Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним ДНК тадқиқотларига текширтиришлик учун қуйидаги одам биологик материалларни тақдим қилиш мумкин.
- қон намунаси
- сўлак намунаси
- соч толаси
- тирноқ ости биоматериаллар
- мушак тўқимаси
- суяк тўқимаси
- маний
Ўзида одам биоматериалларини сақловчи қуйидаги объектларни тақдим қилиш мумкин.
- тиш тозалагич (щётка), мисвак таёқчаси
- сақич
- болалар сўрғичи, сўрғичли идишлар
- ишлатилган ичимлик найчаси
- соқол олиш воситалари
- тароқ
- кийилган пайпоқ
- ишлатилган дастрўмолча, салфетка
- ишлатилган бир марталик қўлқоп
- қўл соати, браслет ёки катта ҳажмли тақинчоқлар
- сочиқ, чойшаб, кийим ва бошқа нарсаларда қон, тер доғлар мавжуд соҳаларидан қирқмалар.
- аёллар гигиеник воситалари кабилар.
Аноним ДНК тадқиқотларига текширтиришлик учун намуналарни олиш ва қадоқлашда амал қилиниши зарур бўлган қўшимча маслаҳатлар:
- биологик намуналарни олишда қўлларга стерилланган бир марталик қўлқопларни кийиш ва қўлқоп кийилган қўл билан юз, бурун, қулоқ ёки бошқа аъзоларга тегинмаслик керак;
- олинган намуналарни полиэтилен пакетларга ёки шунга ўхшаш ҳаво ўтказмайдиган қадоқларга солиш мумкин эмас;
- биологик намуналарни илгари ишлатилмаган, тоза қоғозга ёки қоғоз конвертларга қадоқлаш мақсадга мувофиқ.
Ҳозирги кунда одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораториялари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ҳамда марказнинг Самарқанд вилояти бўлимида мавжуд.
А.Мардиев,
Республика суд экспертизаси марказининг Самарқанд вилояти бўлими лабораторияси эксперти.