1 сотих ердан 10 миллион сўм даромад олиш мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев Каттақўрғон туманида 2020 йил ҳосили учун чигит экиш ва қишлоқ хўжалик техникаларининг мавсумга тайёргарлигини кўздан кечирди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, туманда ўтган йилдан бошлаб соҳани техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, илм-фан ва инновацион ғояларни жорий этиш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Соҳа ривожи учун 19 та замонавий пневма сеялка, 32 та культиватор, 10 та ҳайдов, 20 та чопиқ тракторлари олиб келиниб, қишлоқ хўжалик техникаларининг 15-20 фоизи янгиланди.
Жорий йилда ҳам Туркия давлатидан 72 дона замонавий пневма сеялкалари келтирилди, техника паркини янгилаш мақсадида 35 та юқори унумли трактор келтирилди. 2020 йилда 10 минг 974 гектар майдонда пахта етиштиришни режалаштирган туман деҳқонлари бу йил тўлиқ туксизлантирилган чигит экмоқда.
Бош вазир ўринбосари туманда кам таъминланган оилалар учун ажратилган ва қулупнай етиштирилаётган майдонни бориб кўрди. Яқинда туманда 15 гектардан ортиқ майдонда Польшадан келтирилган “Зинга-Зинга” навли қулупнай экилиб, ҳар бир оилага 30-35 сотихдан бўлиб берилди.
Қирғиз маҳалласи Навқи қишлоғи аҳолисининг томорқадан фойдаланиш маданияти, уларнинг айни пайтдаги юмушлари билан танишди. Ушбу маҳаллада яшовчи аҳоли ҳам ўз томорқасида серҳосил қулупнай етиштиришни ўзлаштирган. Улар, бир сотих ердаги маҳаллий навли қулупнайдан 3 миллион сўмгача даромад олаётган бўлса, хориждан келтирилган янги нав 10 миллион сўмгача даромад беради. Мазкур ҳудуд “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тизимида қулупнай етиштиришни ривожлантириб бормоқда.
Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.