10 йилдан буён фарзанд кўришни орзу қилган аёл бир йўла уч эгизакли бўлди
Андижонлик Муяссархон Маматқулова вилоят скрининг марказида уч нафар эгизакни дунёга келтирди.
Балиқчи тумани Олимбек маҳалласида яшовчи Жавлонбек ва Муяссархон Маматқуловлар оила қурганларига қарийб ўн йил бўлди. Ўтган ана шу йиллар давомида уларга фарзанд кўриш насиб этмади. Кўп даволанишди, кимлардир уларга ажрашишни маслаҳат берди. Лекин севиб, севилиб оила қурган бу икки ёш ҳар қандай гап-сўзларга қарамасдан оиласини барбод қилмади, фарзандли бўлиш умиди билан яшади.
Яратганнинг марҳамати билан улар бир йўла уч эгизакнинг ота-онасига айланди. Эгизакларга Фотима, Муҳаммадазиз ва Зуҳра деб исм қўйишди. Шифокорларнинг таъкидлашларича, она ва эгизакларнинг саломатлиги яхши. Бир-икки кун ичида уйларига кетиш учун рухсат берилар экан.
ЎзАнинг ёзишича, Жавлонбек дурадгор уста, Муяссархон эса чеварлик касбида эл-юртга хизмат қилиб келади, меҳнатсеварликлари, ҳалол касблари ортидан халқнинг дуосини олишади. Кўпнинг дуоси ижобат бўлиб, улар ота-оналик бахтига мушарраф бўлган бўлса ажаб эмас.
– Инсон сабр ва умид билан яшаши керак, – дейди Жавлонбек Маматқулов. – Аёлим билан севишиб турмуш қурганмиз. Шахсан мен ажрашиш ҳақида умуман ўйламаганман. Яратганнинг марҳаматини қарангки, ўн йил деганда фарзандли бўлдик. Шу ўринда мен арзимаган сабаблар туфайли ажрашиб кетаётган, фарзандларини тирик етим қилиб қўяётган инсонларга сабр-бардошли бўлишни тилаган бўлардим.