100 йилдан ортиқ яшаган машҳур нуронийлар
ХХ асрда дунё таниган, юз йилдан ортиқ яшаган кишилар ҳақида маълумотлар талайгина. Ушбу мақола доирасида 100 йил ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ яшашга муваффақ бўлган энг машҳур кишилар билан танишишни таклиф қиламиз.
Жанна Кальман – 122 йил яшаган
Франциялик бу хоним 1875 йилда туғилган ва 1997 йилда 122 ёшида вафот этган. У Ер юзида энг узоқ умр кўрган аёл, деб эътироф этилган. Бу аёл бутун умрини ўзи туғилган Арль шаҳрида ўтказган ва камдан-кам ҳолларда ўз ватанини тарк этган. Ҳаётида кўп мева, зайтун мойи солинган овқатларни истеъмол қилган. Эҳтимол, бу унинг узоқ умр кўриши сиридир. Бунинг устига у 100 ёшигача велосипед миниб, қиличбозлик билан шуғулланган.
Жон Смит - 138 йил умр кўрган
Дунёда яна бир кекса одам 1800-йилларнинг охири, 1900-йилларнинг бошларида Меннесота штатида яшаган, ожибве ҳиндулари қабила бошлиғи, тубжой америкалик Оқ Бўри лақабини олган Жон Смитдир. Тахминларга кўра, у ҳозиргача энг узоқ умр кўрган кекса ҳинду бўлиб, 138 йил яшаган. Жон дунёга машҳур “откритка”лар учун суратга тушган. Ҳаёти давомида унинг саккизта хотини ва битта фарзанди бўлгани маълум. Жон Смит 1922 йилнинг 6 февралида пневмониядан вафот этган.
Сара Кнаусс - 119 йил яшаган
Сара Кнаусс 1880 йилнинг 24 сентябрида туғилиб, 1999 йилнинг 30 декабрида 119 ёшида вафот этган. У АҚШнинг Пенсильвания штатида узоқ вақт суғурта менежери бўлиб ишлаган. 117 ёшида ўз даврининг энг узоқ умр кўрган кишиси, деб эътироф қилинганда у табассум билан «Хўш, нима бўпти?» деб жавоб берган. Сара Кнаусс АҚШ иштирокидаги 7 та урушнинг гувоҳи бўлган. Унинг ягона қизи Кетрин ҳам узоқ яшаган кишилар қаторига кириб, 2005 йилда 101 ёшида вафот этди.
Канэ Танака - 118 ёшда
2018 йилда япониялик Канэ Танака ҳозирда яшаб келаётган барча одамларнинг энг кексаси деб эътироф этилиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. У 2021 йилнинг январь ойида 118 ёшга тўлди. Бу аёл жуда мураккаб ва воқеаларга бой ҳаёт кечирди. У Иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғи билан нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган дўконда ишлаган. 46 ёшида ошқозон ости бези саратонини мағлуб этди ва 63 ёшида нафақага чиқди. Ҳозирда у қариялар уйида яшайди ва шеър ёзишни яхши кўради. Ундан қачонгача яшашни хоҳлашини сўрашганда, у «Яна 5 йил», деб жавоб беради.
Эҳтимол, келажакда одамлар 400 йил ва ундан кўпроқ умр кўриши мумкиндир ва бизга илм-фан тараққиёти ёрдам берса, ажабмас.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.