11705-шахсий иш ёки жадид Саидризо Ализода ҳаётига оид айрим маълумотлар
“Зарафшон” газетаси асосчиларидан, миллий матбуот тамал тошини қўйганлардан бири, маърифатпарвар Саидризо Ализода туғилган кунининг 130 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриляпти. Адибнинг иккита китоби Самарқанд давлат университети олимлари томонидан нашрга тайёрланди. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Саидризо Ализода уй-музейида таъмирлаш ишларини ташкил этди. Жадид бобомизнинг набираси Фарҳод Ализода бизга Россия архивларидан қўлга киритган айрим ҳужжатларни тақдим этди.
Машаққатлар тўфонида
Аввалига чор Россияси, кейинчалик большевиклар партияси сиёсати, аниқроғи, зуғуми остида озодлик, мустақиллик ҳақида гапириш ҳар кимнинг қўлидан келмасди. Шу сабабли жадидлар бундай курашга, аввало, хонлигу амирликлар даврида ўзаро низолар туфайли пароканда бўлган миллатни маърифатга чорлашни тўғри йўл, деб ҳисобладилар. Улар Самарқанд ва унинг атрофидаги мавзеларда замонавий илм берадиган мактаблар очишга, бу мактаблар учун алифбо ва дарсликлар ёзишга киришдилар.
Асосий зиёлилар ўзбек тили (ўрта турк шевасида) чиқувчи “Самарқанд” (бу Морозов рус тилида чиқарган “Самарканд” эмас) газетаси таҳририяти атрофида бирлашдилар. Ҳар гал газета ёпилгач, янги номлар билан чиқаверган: “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Камбағаллар ўқи”, “Зарафшон” ва ҳоказо.
Самарқанд губернатори Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетасини ўзбек ва тожик тилида чиқаришга рухсат сўраган. Рухсат берилган, аммо тожик тилидаги газетага обуна уюштириш муаммо бўлган, шу сабабли газета чиқмай қолган. Ана шундай пайтда Саидризо Ализода “Шуълаи инқилоб” журналини таъсис этган. У коммунист-большевиклар партияси вилоят кенгаши органи бўлган. Муаллифнинг 1919 йил 18 ноябрдаги маълумотига кўра, таҳририятда ўша пайтда муҳаррир 1200 рубль, адабий ходим 1100 рубль, мусаҳҳиҳ 1100 ва таржимон, экспедитор, ташувчи 100 рублдан маош олиб ишлашган. Четдан ахборот берувчиларга 1500 рубль ажратилган.
Дарвоқе, ҳужжатлар орасида коммунист-большевиклар партияси ишчи-батрак мусулмонлар вилоят бўлими котибининг хати ҳам чиқди. Унда котиб “Шуълаи инқилоб” журналини чиқаришга республика раҳбариятидан рухсат сўрайди. 500 нусха обуна уюштиришни ўз гарданига олади. Журналнинг биринчи сонини мусулмонлар байрами – 21 мартга чиқариш таклифини айтган.
Юқори ташкилот вакили Бородская 1919 йил 4 мартда компартия вилоят қўмитасига ушбуни молиявий қўллашни, журнал сиёсий йўналиши учун обком бўлим мудири масъул эканини таъкидлаб, розилик билдиради.
Бинобарин, Ализода имзоси билан тасдиқланган яна бир хатда Самарқанд уезди раҳбарига форс тилида чоп этилаётган “Шуълаи инқилоб” журнали чоп этилиши тўхтатилгани ва унинг сабаби айтилган:
- Обуначилар муддати тугагани, янги обуначиларни жалб этувчилар йўқлиги;
- Литография идораси томонидан муқова учун қизил рангли қоғоз берилмаётгани, берилган сариқ рангли қоғоз мақсадга мувофиқ эмаслиги;
- Ходимлар йўқлиги туфайли журнални тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ барча ишлар фақат муҳаррир зиммасида қолганлиги.
Бу ҳужжат 1919 йилнинг 30 октябрида имзоланган.
Яна иккита ҳужжат диққатимни тортди. 1919 йил 1 июлда Саидризо Ализодага берилган гувоҳномада унинг коммунистлар (большевиклар) партияси Самарқанд уезди, Боғишамол ва эски шаҳар умумий йиғилишлари 2-қарори билан 15 июндан эътиборан Самарқанд вилоят миллий масалалар бўйича бўлими форс бўлинмаси мудири этиб тасдиқлангани айтилган.
Иккинчи мандат 1919 йил 23 августда берилган. Унда Саидризо Алиев (Ализода) коммунистлар (большевиклар) Боғишамол район қўмитаси раиси сифатида вилоят партия қўмитаси конференциясига делегат этиб сайлангани қайд этилган.
Энди ўз-ўзидан савол туғилади: Саидризо Ализода коммунистлар партияси бўлимлари билан бамаслаҳат иш тутган бўлса, улар ишончига эришган бўлса, унда бу жадид нега “давлат душмани” сифатида қатағонга учради?
Сўроқсиз, гувоҳсиз, асоссиз қамоқ
Бу ҳолатни бошқача изоҳлаб бўлмайди.
Бошқа жадидлар қатори Ализода ҳам ўз фаоллиги билан эл орасида танилиб қолганди. Тожик мактаблари учун алифбо ёзди, луғат тузди. Жаҳон классикларининг кўп асарларини тожик тилига ўгирди. Шунинг учун уни Тожикистон давлат нашриётига ишга таклиф этишди. Айниқса, “Шуълаи инқилоб” журнали қисқа даврда оммалашди. Журнал иложсизликдан, маблағ йўқлигидан ёпилгач, Саидризо Ализода таржима билан шуғулланди, СамДУда дарс берди.
Ижоди «гуллаган» ана шундай бир пайтда уни 1938 йил 3 февраль куни “антисовет тарғиботи юритгани учун” қамоққа олишади.
“Ўрмонга ўт тушса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” деганлари рост экан. “Шуълаи инқилоб” форс тилида чиққанлиги учун Саидризо Ализода журнални Эрон консули орқали форсийзабон мамлакатларга тарқатган. Мусабий, Мавбарий каби миллатпарварлар мақолаларини чоп этган. Гарчи бу мақолаларда давлат хавфсизлигига таҳдид бўлмаса-да, НКВДнинг гумонига биноан уни қамоққа олишган.
Бир ойдан сўнг уни Самарқанд НКВДси ички турмасига ўтказишган. Сўроғу текширишлардан натижа чиқмагач, ясама айблар қўйишган. 1940 йил 8 декабрда соғлиғи ёмонлашгани сабабли Самарқанд 2-умумий турмасига ўтказишган (Дарвоқе, бу турма ўша пайтда ҳозирги вилоят кўптармоқли шифохонаси жойида бўлган).
Шу ўринда исбот учун бир ҳужжат мазмунини келтираман. Бу – Самарқанд 2-умумий турма бошлиғи томонидан Самарқанд вилояти давлат хавфсизлиги бошлиғи, давлат хавфсизлиги капитани Аслоникашвили (нусхаси вилоят прокурори ўринбосари Аҳмедов)га йўлланган билдирги. Унда таъкидланишича, бу икки ташкилот ташаббуси билан қамалган 8 нафар маҳбус, шулардан бири Саидризо Ализода муддати узайтирилмаган бўлса-да, турмада сақланаётгани айтилган.
Мана сизга инсон тақдирининг қиймати! Мана, сизга коммунистлар тизимининг “қудрати”!
Ниҳоят, 1942 йил декабрида суд ҳукмисиз уч йил турмада азоб чеккан маҳбус устидан суд эмас, балки СССР ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги алоҳида кенгаш томонидан ҳукм ўқилди ва уни Россиядаги Сол-Илецк турмасига юборишди. Кўп ўтмай, август ойида Тобол турмасига ўтказишди.
“Уруш тугагунча турмада сақлансин”
Тобольск турмасида 1943 йил 4 февралда Саидризо Ализоданинг жазо муддати тугайди. Сибирь совуқларида ўпкасини олдириб қўйган жадид муҳаррир кун санаб келади. Бироқ НКВД турма раҳбариятига маҳбус антисовет тарғиботи учун қамалганлиги сабабли уни уруш тугагунга қадар турмада ушлаб туришни топширади. Ҳатто СССР НКВДси турмалар бошлиғи катта инспектори Скороходов номидан келган хатда бу ҳолатни маҳбуснинг ўзига тушунтириш кераклиги айтилади.
Шундай бўлди ҳам. 1944 йилнинг ноябрида Саидризо Ализодани Владимир турмасига олиб келишди. Руҳи сўнган, тақдирга тан берган жадид охирги умид билан уйдагиларга хат ёзди. Аммо бу хат манзилига етиб келмади. Уруш тугагандан сўнг ҳам уни қўйиб юборишмади. Ва... 1945 йилнинг 24 декабрида ўпка шамоллашидан вафот этди. 26 декабрда эса уни турма яқинидаги қабристонга тонгда дафн этдилар.
Кечиккан оқлов
Сталин давридаги қатағон жараёни таҳлил қилиниб, танқидга учрагач, миллионлаб айбсиз айбдорлар қатори маърифатпарвар Саидризо Ализода ишига ҳам навбат келди. 1958 йил 16 январда Ўзбекистон ССР Олий суди судлов коллегиясининг ёпиқ мажлисида кўриб чиқилди. Унда республика прокурорининг НКВД алоҳида кенгашининг 1941 йил 16 декабрдаги қарори асоссиз деб топилди.
Хусусан, Саидризо Ализоданинг 1931-1932 йилларда Самарқанд шаҳрида яшовчи эронийлар ўртасида колхозга кирмаслик, солиқ тўламаслик ҳақидаги тарғиботи исботланмаган. Унга таржимон сифатида “Овози тожик” газетасида биринчи май шиорларини беришда “Йўқолсин империализм!” ўрнига “Йўқолсин коминтерн!” деб ёзган, дегани ёлғон бўлиб чиқди. Газетада бу иборалар йўқ экан. Турмада бўлатуриб, қариндошларига антисовет руҳидаги хатлар ёзгани ҳам исботланмади. Судга таклиф этилган гувоҳлар терговчи ёзган гапларни айтмаганлигини, Саидризо оға илмли, ватанпарвар эканини айтишди.
Суд тергов бирёқлама ўтказилгани, айблар исботини топмагани учун НКВД алоҳида кенгаши қарорини бекор қилди ва Саидризо Ализодани айбсиз, деб топди.
Лекин халқ ва Саидризо Ализодани билганлар ўз ҳукмини олдинроқ чиқариб қўйганди. Невараси Фарҳод ака ташаббуси билан Владимир шаҳридаги қабристондан улуғ жадид ҳоки Самарқанддаги Панжоб қабристонига келтирилди. Маърифатпарвар ҳаётини ўрганиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар аввалдан муштарийларга етказилгани боис уларга тўхталиб ўтирмадик.
Эл маърифати, озодлиги йўлида шаҳид кетган олим, таржимон, журналист Саидризо Ализоданинг жойи жаннатдан бўлсин!
Фармон Тошев.