12 декабрь – Соғлиқни сақлаш хизматлари қамровини кенгайтириш халқаро куни

2012 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 67-сессиясида қабул қилинган резолюцияда барча мамлакатларда соғлиқни сақлаш хизматлари қамровини кенгайтириш, ҳар бир инсон дунёнинг қайси минтақасида яшашидан қатъи назар, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга чақирилган.

2017 йил 12 декабрь куни Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги қарорга асосан, ушбу кун Соғлиқни сақлаш хизматлари қамровини кенгайтириш  халқаро куни, деб эълон қилинган ва бу санани БМТга аъзо барча мамлакатлар ҳудудида давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан кенг миқёсда нишонлаш тавсия этилган.

Ҳар йили 12 декабрь куни дунё бўйлаб Соғлиқни сақлаш хизматлари қамровини кенгайтириш тарафдорлари ночор ҳудудларда яшаётган аҳолининг яшаш шароитини, уларнинг муаммоларини кенг жамоатчиликка етказиш, тиббий хизмат сифати ва малакасини ошириш, бу борада ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийларни кўпроқ жалб этиш мақсадида тарғибот ишларини олиб боради.

Бутун дунёда коронавирус пандемияси ҳукм сураётган жорий йилда ушбу халқаро кун “Ҳар бир инсонни ҳимоя қиламиз!” шиори остида ўтмоқда.