14 та музейнинг 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлари талон-торож қилинган

Кеча, 14 ноябрь куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда “Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида”ги масала муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда бугунги кунда фаолият олиб бораётган 48 та давлат музейи ва уларнинг 73 та филиалида қарийб 2,5 миллион музей ашёлари ва коллекциялари сақланмоқда. Шунингдек, 6 та нодавлат музей фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда жами 25 мингга яқин музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд. Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони 1,3 миллионни ташкил этмоқда.

Ҳукумат томонидан тасдиқланган Низомга кўра, миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиблари белгиланган, холос. Бироқ Миллий музей фонди таркибига киритилмаган 1,2 миллионга яқин музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлашнинг аниқ тартиблари мавжуд эмас.

Шу каби муаммо ва камчиликлар музейлардан кўплаб ноёб экспонатлар ўғирланиши ёки қалбакисига алмаштириб қўйилишига олиб келмоқда.

Жумладан, республика бўйича 14 та музейнинг 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлари талон-торож қилинган.

Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошган.