15 октябрь мол-мулк ва ер солиғини тўлашнинг охирги куни, аммо бу айнан бугун тўлаш керак дегани эмас

Баъзи фуқаролар турли ижтимоий тармоқлар орқали шаҳар ва туманлар давлат солиқ инспекцияларида ер ва мол-мулк солиқларини тўлашга келганларнинг узундан-узун навбати юзага келаётганини тасвирга олиб тарқатмоқда. Инспекцияларда имкон қадар кўпроқ кассалар ташкил қилинган, инспекция ходимларининг ҳам кўпчилиги айнан мол-мулк ва ер солиғини тўлашга келган фуқароларга хизмат кўрсатишга жалб қилинган.

Жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиқларини 15 апрель ва 15 октябрга қадар тенг улушларда тўлашлари белгиланган эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин даврида юртдошларимизга қулайлик яратиш мақсадида ушбу муддат 15 октябргача узайтирилди.

Таъкидлаш жоизки, имкон қадар солиқлар охирги муддатга тақаб эмас, балки барвақтроқ тўланса, бу каби тирбандликлар юзага келмайди. Бундан ташқари, бугун солиқ тўловчилар учун бир қатор қулайликлар яратилган. Давлат солиқ инспекциясига келмасдан ҳам фуқаролик мажбуриятини бажариш имконияти мавжуд. Хусусан, юртдошларимиз солиқларни масофадан туриб, яъни Soliq мобил иловаси , Click, Payme мобил интернет-банкинг тизими орқали онлайн тарзда тўлашлари мумкин. Бундан ташқари, солиқ тўловчиларга малакали мутахассислар томонидан зарур маслаҳатлар берилишини таъминлаш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармасининг телеграмдаги SoliqMaslahatchilari гуруҳи ташкил қилинган. Ушбу гуруҳга аъзо бўлиб, соҳага доир барча саволларга жавоб олиш, жумладан, ер ва мол-мулк солиқларини ҳисоблатиш имконияти мавжуд.

Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.