16 дан ортиқ дўкон зарарланган: Нарпайдаги ёнғин бўйича қўшимча маълумот берилди
Бир неча кун олдин Нарпай туманида савдо дўконларида содир бўлган ёнғин ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Жумладан, ФВБ томонидан берилган дастлабки маълумотда учта озиқ-овқат дўкони зарарлангани ҳақдаги маълумот ҳақиқатга зид экани ҳақда ўқувчилар томонидан изоҳлар қолдирилганди.
Бугун Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
“5 июн куни бирламчи маълумотларга асосан Нарпай тумани “Сарбозор” МФЙда жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлганлиги, ёнғин натижасида 3 та савдо дўконининг тахминан 70 кв.м майдони ёниб, зарарланганлиги ва терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бугунги кунда мутахассислар томонидан терговга қадар текширув жараёнларида маълум бўлишича 16 тадан ортиқ савдо дўконларининг тахминан 240 кв.м майдони ёниб зарарланганлиги аниқланди.
Ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари ва мулк эгалари бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақида маълумот бериб борамиз.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий маълумотда.