1974 йилда океанолог Слава Курилов СССРдан қочишга муваффақ бўлганди

Океанолог олим Станислав Курилов Тинч океанидаги йўловчи кемасидан пастга сакради ва юз километрдан кўпроқ масофани озиқ-овқатсиз, фақат сувда сузиш учун оёққа кийиладиган ласта, қўлқоп, ниқоб ва нафас олиш учун найча билан жиҳозланганича уч кеча-ю икки кун океанда сузиб, Филипиннинг Сиаргао оролига етди.

“Совет иттифоқи” номли кема Тинч океани бўйлаб Владивостокдан экваторгача ва орқага сузарди. Сайёҳлар учун 20 кунлик саёҳат чет эл портларининг бирортасида чақирувсиз (тўхташи шарт бўлмаган ҳол) амалга оширилганлиги сабабли, уларга виза керак эмас эди.

Слава Курилов Совет иттифоқидан чет элга чиқиши таъқиқланганлардан бири эди. Лекин у бунга дош бера олмади. Курилов учун ушбу саёҳат СССР чегараларини тарк этиш ва бу мамлакатдан қочиш режасини амалга оширишга уринишнинг ягона йўли эди ва фақат унинг ўзи бунга ишонарди.

Кейинчалик Курилов 38 йил яшаган СССРда унинг қочиши тўғрисида тузилган комиссия томонидан “ватанига хиёнати учун” 10 йилга озодликдан маҳрум этишга қарор қилинди. Аммо бу Куриловни безовта қилмади. У кўп йиллар давомида орзу қилган нарсаларини амалга ошира бошлади. Океанни ўрганди, саёҳатлар, шу жумладан, Шимолий Қутбга экспедициялар уюштирди.

Слава Куриловнинг “Океанда ёлғиз” китобидан лавҳалар

...Биргина сакраш мени ўзига жалб қилаётган гўзал ҳаёт ва озодликдан ажратиб турарди. Лекин ўйлашга вақт йўқ. Кун ёришганда кемадаги юзлаб кўзлар олдида уни тарк этишга имкон бўлмайди, зудлик билан шлюпка туширилади. Тун – қочоқлар вақти. Ҳатто, қамоқхонадан ҳам тунда қочишади...

Ҳодиса

Бўлғуси қочоқнинг кўзлари билан лайнерни пухта ўрганганимдан сўнг фақат икки - улкан винт парраги ораси ва сув ости қанотлари тугайдиган жойда сакраш мумкинлигини англадим. Турган жойимдан сувгача бўлган масофа 14 метр эди. Денгизга 10 метр баландликдаги қоялардан ёки кичик кемаларнинг тузилмаларидан кўп марта сакрашга тўғри келарди. Аммо бундай баландликдан ва бундай тезликда...

Кема қуйруғининг “қирғоғи”да туриб, баландликни кўз билан ўлчадим ва бир дақиқа ўйланиб қолдим.

- Жуда баланд, - деди ичимдаги иблис васвасачиси. - Уддалай олмайсан. 

У мени ўжарлигим билан ўйнашмоқчи эди.

- Ким билар, - жавоб бердим мен ва сакрашга қарор қилдим.

...Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳатто бутун жамоа олдида бўлса ҳам сакраш керак!

Пастга тушдим. Икки матрос каёққадир ғойиб бўлди. Учинчиси эса менга орқа ўгирилиб, йиғма каравотни очиб, ётишга ҳозирланаётганди. Бир қўлим билан палубадаги борт тўсиғига суяниб, борт ортига ўтиб олдим ва зарб билан тепиндим. Ўзимни шунчалик тез ташладимки, менинг сакрашимни пайқаш қийин эди.

Сув устидаги парвозим менга чексиз туюлди. Парвоз қилаётганимда, маълум бир психологик тўсиқни босиб ўтдим ва унинг бошқа томонида бутунлай бошқа одам бўлиб ўтдим.

Бир муддат горизонтал ҳолатда учдим, инерция кучи заифлаша бошлаганини ва деярли вертикаль равишда йиқилиб тушаётганимни сезиб, танамни силлиқ айлантира бошладим. Шунда қоронғилиқда йўқотиб қўйишдан жуда қўрққан қўлимдаги сузиш ашёлари бўлган сумкани ташламасдан оёқларим билан сувга муваффақиятли кирдим.

Сув юзига қалқиб чиқиб, бошимни ўгирдим ва қўрқувдан музлаб қолдим. Ёнгинамда қўл узунлигидаги яқинликда улкан лайнер ва унинг улкан винтлари айланиб турарди. Назаримда, бир неча сония олдин 18 тугун тезликда ҳаракатланаётган лайнер тўсатдан тўхтаб қолди. Кема корпусининг даҳшатли тебранишда гувиллаши шовқини вужудимдан ўтар ва мени қора тубанликка итаришга ҳаракат қиларди. Винт менга жонли бўлиб кўринди. Унинг юзида ичиқоралик билан қилган табассуми бор эди. У мени кўринмас қўллари билан маҳкам ушлаб тураётгандек туюларди.

Тўсатдан бир куч мени четга суриб юборди ва тезлик билан кенг очилган чексизликка учиб кетдим. Аслида винтнинг ўнг томонидаги кучли сув оқимига тушиб қолгандим ва у мени ён томонга улоқтириб ташлади.

Нафасимни ушлаб чироқларнинг катта ёруғлик нури ўтгунча сув юзасида қолишга ҳаракат қилдим. Маълум бир муддат қоронғилик ҳукмрон эди, кейин ёрқин нур остида қолдим. Мени кўриб қолишди ва прожектор нурига олишди, деб ўйладим. Аммо кўп ўтмай зулмат тушди. Энди керак бўлмаган сочиқни ташладим, ниқобни найчаси билан кийиб, бир нечта чуқур нафас олдим. Сув жуда илиқ эди. Бу ҳароратда жуда узоқ вақт сузиш мумкин. Оёқларимга ласталар ва бармоқлар орасида сузиш пардаси бўлган қўлқопни кийдим, энди сумканинг кераги йўқ.

Чироқли соатим кема вақти билан 20:15 ни кўрсатди. Кейинчалик у тўхтаганини кўриб, уни ҳам ташладим.

Лайнер тезда узоқлашди...

Мен ўзимни жуда енгил ҳис қилдим. Ахир, мен баҳайбат айланадиган винтдан тирик ва бешикаст қутулдим. Инсон бир вақтнинг ўзида бир нечта хавфни идрок қила олмайди. Ваҳимага тушган пайтда қўрқув қандай бўлмасин, фарқ қилмайди. Фақат кейингина у ўзига навбатма-навбат қилинган тажовузни эслайди...

Океан мени яхши кўради. У мени шундоққина кафтида қирғоққа олиб чиқиб қўйди. Ўртамиздаги ўзаро муҳаббат туйғуси қалбимни тўлдирди. Танам гўёки, йўқ бўлиб кетгандай, эригандай. Юқоридан океанга, оролга қарайман, мен юлдузлар орасида эдим, тунги осмонда булут бўлиб, шамол бўлиб, ҳар бир дарахт, ҳар бир гул, пальмаларнинг чўққиларида суздим, кўрфаз ойинасида юлдузларнинг акси эдим. Чексиз миннатдорчилик туйғуси қалбимда сақланиб қолди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.