Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2 март – Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотига (БМТ) аъзо бўлган кун

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ер юзида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган энг нуфузли халқаро тузилмадир.

БМТ аъзоси бўлган ҳар бир давлат халқаро муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган, халқаро шартномалардан иборат БМТ Низомидаги мажбуриятларга риоя қилади.

Ушбу Низомда Ташкилотнинг тўртта асосий вазифаси, яъни халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш, халқаро муаммоларни ҳал этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу умумий мақсадларга эришишда миллатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш белгилаб қўйилган.

БМТ таркибида 6 та бош орган мавжуд бўлиб, бештаси – Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаш, Васийлик Кенгаши ва Котибият Нью-Йоркдаги марказий қароргоҳда, Халқаро суд эса Нидерландиянинг Гаага шаҳрида фаолият юритади.

Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган. Шу кундан эътиборан БМТ бош қароргоҳи пештоқида давлатимиз байроғи ҳилпирай бошлади. 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТнинг ваколатхонаси очилди. БМТда ҳам Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколатхонаси иш бошлади.