2-сектор раҳбар ва котиблари Самарқанд туманида секторлар фаолиятини ўрганди
Самарқанд вилоятидаги 16 та туман ва шаҳарлар 2-сектор раҳбарлари ва котиблари ҳамда тегишли бошқармалар масъул раҳбарлари Самарқанд тумани 2-сектор ҳудудида секторлар фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига қаратилган семинарда иштирок этди.
Дастлаб туманда ёшлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган “Йўл харитаси” ва унинг ижросини ўрганди.
Туман прокурори, 2-сектор раҳбари У.Муҳаммадиев маҳаллаларда амалга оширилган ишлар хусусида тўхталди.
- Туманда 21 та маҳалла фуқаролар йиғини бор, - дейди У.Муҳаммадиев. – Уларда 86 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Йил бошида туманда эҳтиёжманд 852 та оила “Темир дафтар”га, 443 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган эди. Шундан 740 та оила ва 432 нафар ёшлар "дафтар"лардан чиқарилди. Шунингдек, уюшмаган ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича корхона ва хўжалик юритувчи субъектлар билан меморандумлар тузилиб, 500 нафарга яқин ёшлар ишга жойлаштирилди.
Семинар давомида масъуллар тумандаги касб-ҳунар мактабида ташкил этилган “Касблар фестивали”да қатнашиб, 9-синф битирувчилари билан суҳбатлашди. Шундан кейин “Диёр” маҳалласидаги нодавлат “Smart Ta`lim” ўқув марказида ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган давра суҳбати ўтказилди.
Шунингдек, туманнинг “Жўйи Аббос” маҳалласи “Паррандачилик кооперацияси”, “Кўчатчилик кооперацияси” ҳамда “Пулимуғоб” маҳалласидаги “Vermont Lyuks” МЧЖ томонидан ташкил этилган “Чорвачилик кооперацияси” фаолияти ўрганилди.
Семинар якунида иштирокчилар Самарқанд туризм маркази ҳамда "Конигил" туризм қишлоғи фаолияти билан танишдилар.