Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2020 йилда вилоятда 11 минг тонна балиқ етиштирилди. Бу кўпми ё кам?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон йил давомида 12 килограмм балиқ истеъмол қилиши керак. Хўш, Самарқандда балиқ истеъмолини бу миқдорга етказиш учун қандай тадбирлар амалга ошириляпти?

Жорий йилнинг 1 январи ҳолатида вилоятда 465 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритиб, уларнинг жами сув ҳавзаси 9 660,7 гектарни, шундан табиий сув ҳавзалар 8 108 гектар ва сунъий сув ҳавзалар 1 552,7 гектарни ташкил этади. 2020 йилда балиқчилик хўжаликлари ва бу йўналишдаги бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 11 минг 457 тонна балиқ маҳсулоти ички истеъмол бозорига етказиб берилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан 2021 йилда Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон жайҳуни” ҳамда Паст Дарғом туманидаги “Пўлат балиқ ҳавзаси” фермер хўжаликларига балиқларнинг карп зотини кўпайтириш бўйича наслчилик мақоми берилди.

Самарқанд туманидаги “Оқ амур балиқлари” фермер хўжалиги томонидан  вилоят фермерлари учун ҳар йили 500 минг донадан ортиқ балиқ чавоқлари етказиб берилмоқда. Балиқнинг оқ амур, оқ дўнгпешона, зоғора сингари зотлари сунъий ҳовузларда интенсив усулда етиштирилиб, талабгорларга арзон нархларда етказиб берилаётгани бозорларга чиқарилаётган маҳсулот таннархини пасайтириш имконини бермоқда.

  Ўтган йилда вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликларига 20 тоннага яқин балиқ чавоқлари етказиб берилди. Шу билан бирга, ички бозорга 140 тонна парҳез маҳсулот сотувга чиқарилди.

Ушбу фермер хўжалиги мутахассислари балиқчиликни сунъий ҳавзаларда “қафас” усулида ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор беришмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай усул сунъий ҳовуз сувини янгилаб туриш имконини беради. Фермер хўжалиги томонидан балиқчилик соҳасига қизиқиш билдираётганларга тўлақонли маълумот бериш мақсадида туманнинг “Гулистон” муқобил машина трактор парки ҳудудида қиймати 27 миллиард сўмлик “Балиқчилик комплекси” ва экобоғ бунёд этилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга тушса 28 та янги иш ўрни яратилади.

Жомбой  туманидаги “Владимир тилло балиқ” фермер хўжалиги томонидан 3,6 гектар майдонда жойлашган сунъий сув ҳавзасида балиқнинг сазан, карп, асётр, теляпия зотлари кўпайтирилмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.