2022 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида 7695 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бошлиғи Даврон Очилов иштирокида 2022 йил қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таъкидланишича, ўтган йили “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туманлардаги бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида 13 минг 579 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 7695 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 5241 та кластер корхоналари ва фермерлар иштирокида профилактик тадбирлар ўтказилиб, йил давомида 15 мингдан ортиқ кластер корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларига амалий кўмак берилган.

- 2022 йилда 11 минг 87 гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этилди, - дейди  Д.Очилов. - Жумладан, 4 минг 66 гектар пахта, 3 минг 673 гектар боғ, 2 минг 909 гектар ток, 439 гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб суғориш, 911 гектар ғалла майдонлари ва 233 гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатилди.Шунингдек, вилоятдаги  466 та уруғчилик фермер хўжаликларининг  9 минг 302 гектар уруғлик майдонларидан 2 минг 436 тонна “Суперэлита”, 20 минг 677 тонна “Элита” ҳамда 5 минг 967 тонна “Р-1”авлодли, жами 29 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон жамғарилди. 

Анжуманда 2023 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз борди. Бу ҳақда бошқарма бошлиғи журналистлар саволларига жавоб ўрнида батафсил маълумот берди.

Ф.РЎЗИБОЕВ.