2024 йил сарҳисоби: Ёшлар иттифоқининг лойиҳалари қандай самара беряпти?
Истеъдодли ёшларни излаб топиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қобилиятларини намоён этишига ва ривожлантиришига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан юзлаб тадбир ва лойиҳалар амалга оширилди.
Поёнига етиб бораётган 2024 йил ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари, талаба-ёшлар учун эсда қоларли йил бўлди, десак хато бўлмайди. Чунки уларнинг ўз таклиф ва ташаббуслари билан 34 та йирик лойиҳа доирасида 280 та турли йўналишларда тадбирлар ўтказилди. Уларга жами 270 минг нафар ёш қамраб олинди. Ҳар бир тадбир ёшларни ягона мақсад сари бирлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишда ўзига хос ўрин тутди.
“Тенгдош тенгдошга кўмакчи” лойиҳаси олий таълим муассасалари етакчилари ва координаторларининг ўзаро тажриба алмашиши учун йўлга қўйилган йирик тадбир бўлди. Ўндан зиёд маънавий-маърифий кечалар, спорт мусобақалари ҳамда семинар-тренингларни ўз ичига олган лойиҳа доирасида бир олий таълим муассасасидаги ёшлари бошқа олий ўқув юртига бориб, тенгдошлари билан биргаликда тадбирлар ташкил этди, дўстона муҳит яратилди. Жумладан, виляотдаги олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган етакчи ва координаторлардан иборат 50 кишилик жамоа Самарқанд давлат университетининг Ургут ҳамда Каттақўрғон филиалида, шунингдек, Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат тиббиёт университетида бўлди. Жамоанинг ҳар бир аъзоси тенгдошларига кўмак кўрсатди.
“Етакчиликдан - раҳбарлик сари” лойиҳаси илк фаолиятини етакчиликдан бошлаб, бугунги кунда раҳбарлик вазифасини бажараётган шахсларнинг иш фаолияти, ҳаёт йўлини ёшларга ўрнак сифатида кўрсатиб, уларга мотивация бериш мақсадида ташкил қилинган. Ўтаётган йилда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Рустам Қобилов, Ҳусан Тўхтаев ва бошқа кўплаб раҳбарларнинг ёшлар билан учрашувларини ташкил этдик.
Шунингдек, “Заковат”, “Мутолаа”, “Хабардормисиз?” ва бошқа лойиҳалар доирасида ҳам ёшлар учун манфаатли тадбирлар ташкил этилди.
Янги 2025 йилда ҳам Кенгаш томонидан аниқ режалар тузилган. Хусусан, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат, ўз халқи, она юртига садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган “Хавфсизлигингга қалқонман, она Ватан”, “Тўмарис издошлари”, “Хабардормисиз”, “Бир етакчига беш лойиҳа”, “Биргаликда ўзгарамиз”, “Мен ўқиган китоб” каби 40 дан зиёд лойиҳа ва тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, йил номидан келиб чиқиб, ёшларимизнинг табиатга бўлган муносабатини мустаҳкамлашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишни ҳам мақсад қилганмиз.
Дилфуза АЗИЗОВА,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси.