2025 йил солиқ соҳасида қандай ўзгаришлар бўлади?
2024 йил 24 декабрда “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан 2025 йилги солиқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, товар (иш, хизмат)ларнинг электрон савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун фойда солиғи ставкаси – 10 фоиз этиб белгиланди (олдин 7,5 фоиз). Товар (иш)ларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда учун 0 фоиз ставкадаги солиқ бекор қилинди.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан (умумий қуввати 100 кВт гача) фойдаланган ҳолда умумий тармоққа, яъни “Электросет”га электр энергиясини сотишдан олинган фойдага солиқ солинмаслиги белгиланмоқда. Бунда, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ишга туширилган ойдан бошлаб 3 йил мобайнида фойда солиғи солинмайди. Шунингдек, қуёш панеллари қувватининг камида 25 фоизи миқдорида электр энергиясини тўплаш тизими, яъни ҳажми каттароқ бўлган аккумуляторлар билан қуёш панеллари ўрнатилганда – бу панеллар ишга туширилган ойдан бошлаб 10 йил давомида фойда солиғи солинмайди.
Мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи олинмайди
Акциз солиғидаги ўзгаришларга кўра, 2025 йил 1 январдан мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 283, 284, 285 ва 286-моддаларига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкалари тенглаштирилмоқда. Хусусан, фильтрли, фильтрсиз сигареталар, папирослар, сигариллалар (сигареталар), биди, кретек учун акциз солиғи ставкасининг фоиз кўринишидаги қисми (10 фоиз) бекор қилинмоқда ҳамда 1000 донаси учун:
– республикада ишлаб чиқариладиган сигареталарга 300 минг сўм;
– импорт қилинганларга 330 минг сўм миқдорида белгиланмоқда.
Республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинган этил спирти учун акциз солиғи ставкаси тенглаштирилиб, 1 литри учун 15 минг сўм этиб белгиланмоқда;
- дон дистиллятига (дондан олинган алкогол) нисбатан этил спиртига белгиланган ставкада акциз солиғига тортиш ҳамда техник этил спиртини ишлаб чиқаришда фойдаланилган этил спиртининг бошланғич фракциясига акциз солиғи қўлламаслик назарда тутилмоқда.
Республикада ишлаб чиқариладиган алкогол маҳсулотларга акциз солиғи ставкасини 10 фоизга индексация қилиб, 1 литр учун 44 минг сўм;
Импорт қилинган алкогол маҳсулотлари учун солиқ ставкаси пасайтирилиб, 1 литр учун 76 минг сўм (амалда 101,5 минг сўм) миқдорида белгиланмоқда.
Республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинган табиий вино, бошқа винолар, шу жумладан, вермут, пиволарга акциз солиғи ставкалари ҳам ишлаб чиқаришда ошириш ва импорт қилинганда пасайтириш орқали босқичма-босқич тенглаштириш назарда тутилмоқда.
Бекзод СОЛИЕВ,
вилоят солиқ бошқармаси давлат солиқ бош инспектори.