35 давлат вазирлари Россия ва Беларусь спортчиларининг 2024 йилги Олимпиадада иштирок этишига қарши чиқди
Улар Россия ва Беларусь спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этишига йўл қўймаслик чораларини кўришга келишиб олдилар, дея хабар бермоқда Литва миллий радио ва телевидениеси (LTR) Литва таълим, фан ва спорт вазири Юргита Шюгждиненга таяниб.
LTR хабарига кўра, бу қарор спорт вазирларининг масофавий кенгашда қабул қилинган. Ташаббус, жумладан, АҚШ, Канада, Австралия, Япония, Буюк Британия, Германия, Франция, Полша, Нидерландия, Шимолий Европа ва Болтиқбўйи мамлакатлари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган.
Кенгаш якунлари бўйича вазирлар Украинага қарши тажовузкорликларини тўхтатмагунларича, Россия ва Беларусь спортчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига йўл қўйилмаслигини таъкидлайдиган қўшма баёнот тайёрлашга келишиб олган.
2023 йил январь ойи охирида Халқаро олимпия қўмитаси спорт федерацияларини Россия ва Беларус спортчиларига бир қатор шартлар, жумладан, урушни қўллаб-қувватламаслик шарти билан нейтрал мақомда мусобақалашишга рухсат беришга чақирди. Бу қарор кўплаб давлатлар, жумладан, Украина, Чехия, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари томонидан танқид қилинган.