77 йил олдин топилган “Омонқўтон ғори” ҳақида нималарни биласиз?
Омонқўтон қишлоғи Ургут туманининг жануби-шарқий қисмида, яъни Зарафшон тоғ тизмалари бўйлаб, тоғолди ҳудудида жойлашган қадимий гўша саналади. Айнан шу қишлоқдан қадимда Буюк ипак йўли ўтган ва вилоятимиздан топилган энг қадимий ёдгорликлардан бири “Омонқўтон ғори” ҳам шу ҳудудда жойлашган. Ўрта полеолит даврига оид мазкур ғорга экспедиция уюштирдик.
Маълумотларга кўра, “Омонқўтон ғори” 1947 йилда археолог Давид Лев томонидан топилган. Ғор очилган пайтда МДҲ давлатлари ҳудудида 166 та палеолит даврига оид ёдгорликлар аниқланган. Самарқанд давлат университети олимлар гуруҳи ўша вақтда полеолит даври ёдгорликларини ўрганишнинг анча тараққий этган услубидан фойдаланган. Макон Чақулқулён тоғларида денгиз сатҳидан тахминан 1300 метр баландликда, Самарқанд шаҳридан 45 километр жанубда жойлашган. Ғорда тадқиқотлар 10 йил давом этган. Объект маданий қатламларининг қалинлиги 0,25 дан 1,5 метргача етади.
Баҳор ойларида ғордан сув чиқади
- Ғор миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган, - дейди Омонқўтон миллий табиат боғи директори Азамат Амруллаев. – 1947 йилгача бу жойда ғор бор-йўқлигини маҳаллий аҳоли ҳам билмаган. Самарқанд давлат университети археология кадераси профессори Давид Лев қадимий ғорни аниқлаб, қазишма ишларини олиб борган. Археологик қазишма ва тадқиқотлар натижасида ғорда ўрта палеолит даврига оид одамлар, турли жонзот ва ҳайвонларнинг 16 минг дона суяклари, гулхан, ўчоқлар, ов ва иш қуроллари топилган. Ҳар йили баҳор ойларида ер ости сув сатҳининг кўтарилиши натижасида ғордан сув чиқади. Ушбу жараён май ойининг охиригача, баъзида саратонга қадар давом этади ва сув ўз-ўзидан қурийди. Афсуски, шу йил баҳорда иқлим ўзгариши натижасидами, сув чиқмади.
Ғор ичкариси қисмларга бўлинган
Ғорнинг умумий узунлиги 82 метр бўлиб, ичкарига 10 метр кирилганда баландлиги қарийб 4 километрлик кенг жой бор. Ғор ичкарисига кирганимизда супа ва битта хонага бўлинганини кўрдик. Хона оқ тошлардан қилинган ва ҳозиргача рангини йўқотмаган. Ғор ичкарисида намгарлик сақланиб қолган бўлса-да илиқ экан. Айтишларича, ғор куз ва қиш фаслида илиқ, баҳорда сув билан тўлиб, ёзда салқин бўлади. Деворлар жуда қадимий, нақшга ўхшаган чизиқлар ва сув чиқадиган тирқишлар билиниб турибди. Ғор ичкарисида қарийб 40-50 метр юрганимиздан кейин тор йўлакка дуч келдик, лекин у ердан ўтишнинг имкони бўлмади.
Миллий боғ директори Азамат Амруллаевнинг сўзларига кўра, ғор ичкарисидаги йўлак кейинги йилларда қисқариб бормоқда. Аммо шу йўлакдан ўтгандан кейин 25-30 метр яна ғорнинг охиригача кенг жой бор. Бир сўз билан айтганда, ғорнинг аниқланиши ва ғордан топилган археологик топилмалар нафақат ибтидоий давр одамларининг ҳаёти, яшаш тарзи, ов ҳамда иш қуроллари балки қадимги палеоиқлим ҳақида ҳам муҳим маълумлотлар беради.
Омонқўтон миллий табиат боғи сайёҳлар ташриф буюрадиган диққатга сазовор маскан
Қадимий ғор ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари мавжуд, ўзига хос ландшафтга эга, тоғ ёнбағрида, 1,5 минг гектар майдонни эгаллаган боғ ҳудудида жойлашгани билан ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Баҳор ва ёз ойларида миллий боғ ҳудуди маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўлади.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 мартдаги қарори асосида «Омонқўтон миллий табиат боғи» ташкил этилган, - дейди Азамат Амруллаев. - Миллий боғни ташкил этишдан асосий мақсад табиатни асраб-авайлаш, ўрмон ва тоғолди ҳудудлардаги йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш ва ривожлантиришдан иборат. Ҳудуднинг 1000 гектари қўриқхона зонаси, 400 гектар рекреацион ва 100 гектари хўжалик юритишга мўлжалланган. Боғда 1300 турдан зиёд ноёб ўсимлик ва дарахтлар, 120 турдан ортиқ ҳайвон ва жонзотлар яшайди. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда 15 нафар ходим фаолият кўрсатади. Шунингдек, ҳудудда таъқиқловчи ва огоҳлик белгилари ўрнатилган бўлиб, миллий боғга келувчи маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳамда аҳоли ўртасида боғининг қўриқхона зонасига рухсатсиз кирмаслик, ноёб ўсимлик, дарахт ва жонзотларга зиён етказмаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аммо кейинги пайтда миллий боғ ҳудудидаги маҳаллий аҳоли томонидан «Қизил китобга» киритилган доривор ўсимлик ва гулларни узиш, зиён етказиш, қўриқхона зонасида чорва молларини боқиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида ўнга яқин ҳолатда фуқаролар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган ва тегишли тартибда чоралар кўрилган. Айтиш жоизки, табиат боғининг қўриқхона зонасига кириш, ўсимликларни пайҳон қилиш, «Қизил китобга» киритилган ўсимликлар ва гулларни узиш, шикастлантириш, дарахтларни, буталарни кесиш, ўтин ва шох-шабба олиш, доривор-зиравор ўсимликларни (тоғ чойи, кийик ўти, зира ва бошқа дориворларлар)ни териш, ҳайвонот дунёсига зарар келтириш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.