9 ойда мансабдорлар томонидан давлат ва жамиятга 658 млрд сўм моддий зарар етказилган: Бундай зарар миқдори 2020 йилда жами 500 млрд бўлганди
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан мансабдор шаҳсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда. Яъни “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”, “Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”, “Ҳокимият ҳаракатсизлиги”, “Мансаб сохтакорлиги” ва “Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги” жиноятлар агар “ғаразгўйлик” ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланяпти.
Статистика бўйича мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 млрд., 2019 йилда 1,858 трлн., 2020 йилда 500,1 млрд., 2021 йилнинг 9 ойида 658 млрд. сўм моддий зарар етказилган.
Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилмоқда.
Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, бундай жиноятларни содир этган шахсларга енгиллаштирувчи нормаларни қўллашни чеклаш мақсадида, жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш муддатлари ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган коррупциявий жиноятлар учун 10 йил, оғир ва ўта оғир коррупциявий жиноятларга нисбатан эса татбиқ этилмайди.
Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси мамлакатда коррупциянинг олдини олишга, коррупцияга қўл урган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, халқаро рейтинг ва индексларда юртимизнинг ўрнини яхшилашда хизмат қилади.