Адлия вазирлиги: Талабалардан “обходной" тўлдириб келишни талаб қилиш Президент Фармони талабига зид
Олий таълим муассасаларининг талаблардан “айланма варақа”ни барчадан бирдек “қоғоз шаклда” тўлдириб келишни талаб қилиши нотўғри ва Фармон талабларига номувофиқ ҳисобланади.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур ҳолатлар таҳлил қилиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6191-сон Фармонида белгиланган талаблар айрим олий таълим муассасалари томонидан бажарилмаётганлигини кўрсатиб, қисқа муддатда Фармонда юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бу бўйича барча давлат олий таълим муассасларига кўрсатмалар киритиш тўғрисида тақдимнома киритилмоқда.
Адлия вазирлиги барча олий таълим муассасаларини ҳамда тизимида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларини аҳолини овора қилмасликка, улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган ҳужжатларни, шу жумладан “айланма варақа”ни қоғоз шаклда тўлдиришни талаб қилмасликка, Фармонда белгиланган талаблар ижросини сўзсиз таъминлашга чақирди.
Шунингдек, аҳолидан асоссиз ва ортиқча ҳужжат талаб қилиниши ёки уларнинг оворагарчилигига йўл қўйилиши мансабдор шахслар учун жавобгарликни келтириб чиқариши тўғрисида огоҳлантирган.