Афғонистонда бир қатор терактлар: ўнлаб қурбонлар бор

Афғонистонда Толибон раҳбарияти пайшанба куни мамлакатнинг турли шаҳарларида содир этилган қатор терактлар қурбонларининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва ҳодиса ташкилотчиларни топиб, жазолашга ваъда берди.

Янгиланган маълумотларга кўра, Мозори Шарифдаги шиа масжидида юз берган портлаш оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган, 80 киши жароҳатланган. Терактлар учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Қундуздаги масжидда содир бўлган портлашда камида 10 киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди.

Кобулдаги портлашда ҳам икки бола яраланди. Нангарҳор вилоятида эса мина портлаши оқибатида тўрт нафар Толибон ҳарбийси ҳалок бўлди.

«Хавфсизлик кучлари “исёнчи ва ёвуз кучларни йўқ қилиш бўйича яхши тажрибага эга”. Шундай экан, бу жиноятлар учун жавобгарлар “тез орада қўлга олинади ва жазоланади”, деди ўз баёнотида Афғонистон ҳукумати вакили.