Афғонистонда хорижий валюта операциялари тақиқланди
Афғонистонни назорат қилувчи Толибон ҳаракати мамлакатда хорижий валюта операцияларини тақиқлашини маълум қилди.
“Афғонистон Ислом Амирлиги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра (Толибон ўз ҳукуматини шундай атайди) ер, уй, дўкон, бозор, квартира, асбоб-ускуна, транспорт воситаларини сотиб олиш ва сотиш, ижара ва хорижий валютасига асосланган ипотекалар қатъиян ман этилади", - дейилади Ички ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда.
"Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги вилоятлардаги барча ички ишлар бошқарма ва разведка хизматларини доимий назорат қилиб бориш, бундай ҳолатларнинг олдини олишини таъкидлайди. Қоидабузарлар шариат ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қаттиқ жазоланади”, дейилади ҳужжатда.
"Мамлакатдаги иқтисодий вазият ва миллий манфаатлар барча афғонлар ҳар қандай битимда фақат афгани (Афғонистон валютаси)да фойдаланишини талаб қилади. Ислом Амирлиги барча фуқаролар, дўкондорлар, тадбиркорлардан молиявий операцияларда афганида фойдаланишларини ва хорижий валютадан воз кечишларини талаб қилади ”, деди Толибон вакили Twitterдаги баёнотида.
Аввалроқ Tolo News телеканали хабардор манбаларга таяниб, Афғонистон Марказий банки мамлакатда кам бўлган АҚШ долларини тежаш мақсадида пул ўтказмаларини фақат миллий валютада чиқариш тўғрисида фармон чиқарганини хабар қилганди.
Толибон Кобул устидан назорат ўрнатгач, Ғарб банклари АҚШ буйруғи билан Афғонистоннинг хорижий активларини музлатиб қўйди, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатди. Ўшанда Афғонистон Давлат банкининг активлари хорижий валютада 9 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 7 миллиард доллардан ортиғи АҚШ банкларида бўлган.