“Afrosiyob” тезюрар поезди ҳаракат жадвали маълум қилинди

18 майдан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Afrosiyob” тезюрар поезди ҳамда “Тошкент-Андижон” йўналишида йўловчи поезди қатнови бошланади. Бу ҳақда “Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi” АЖ  матбуот хизмати хабар берди.

Темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Ушбу вақтинчалик тартибга барча тўлиқ риоя қилиши керак.

"Поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак. Темир йўл вокзаллари ҳудудига ҳамда темир йўл транспортларига кирганда барча йўловчилар бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда бўлишлари, темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт", дейилади хабарда.

Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади. Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилади. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар, ўрнатилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан сўнг темир йўл вокзаллари кассаларидан чипта олишлари мумкин бўлади. Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.

Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби талаблари билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг расмий веб-сайти орқали тўлиқ танишиб олиш мумкин.

Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Afrosiyob” тезюрар поезди ҳамда “Тошкент-Андижон” йўналишида қатнови йўлга қўйиладиган поездлар ҳаракат жадвалига кўра;

2020 йил 18 май куни эрталаб соат 7:00 дан “Тошкент-Навоий-Бухоро” йўналишида 762-сонли, ўша куни соат 16:28 дан “Бухоро-Навоий-Тошкент” йўналишида 761-сонли;

2020 йил 18 май куни эрталаб соат 8:00 дан “Тошкент-Қарши” йўналишида 760-сонли, ўша куни соат 17:58 дан “Қарши-Тошкент” йўналишида 759-сонли “Afrosiyob” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар;

2020 йил 18 май куни эрталаб соат 8:05 дан Тошкент Жанубий вокзалидан “Тошкент-Андижон” ва ўша куни соат 16:19 дан “Андижон-Тошкент” йўналишларида йўловчи поездлар ҳаракати бошланади.