"Агар Олимпиада бойкот қилинса...": Хитой Японияни огоҳлантирди

Хитойнинг Япониядаги элчиси Кунн Сюанью Токио 2022 йилги Олимпиадани дипломатик бойкот қилишга қўшилса, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Интерфакс” ёзади.

Дипломат Япония расмийларини эҳтиёт бўлишга ва бундай қалтис қадамни тўсишга чақирди. “Афсуски, Япониядаги баъзи одамлар ўзларининг олдиндан ўйлаган тушунчалари асосида Хитой сиёсий тизимига ҳужум қилган ҳолда Пекин ўйинларини дипломатик бойкот қилишга чақириб, Синьцзян ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида миш-миш ва ёлғон тарқатмоқда”, - дейди Хитойнинг Япониядаги элчиси.

Олимпиадани тотал бойкот қилишга аввалроқ Европарламент (ЕП) чақирган эди. ЕП раиси ўринбосари ва Германия эркин демократик партияси (ФДГ) раҳбари ўринбосари Никола Бер Европа Иттифоқи “АҚШ соясида қолиб кетмаслиги” кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, Хитойдаги Олимпия ўйинлари хато ва нотўғри танланган.

Аввал хабар берилгандек, 6 декабрь куни Вашингтон Хитойнинг Синьцзян-Уйғур автоном ҳудудида инсон ҳуқуқлари бузилишига норозилик билдириш мақсадида 2022 йил 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Пекин қишки Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилди. 8 декабрь куни бойкотга Австралия, Буюк Британия ва Канада ҳам қўшилди.