“AGRO PRO EXPO-2025”: Деҳқончиликдаги янги технология ва ишланмалар бир жойда жам бўлди

Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” халқаро кўргазмалар мажмуасида агрономия соҳасидаги маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда.

Тўртинчи бор ўтказилаётган “AGRO PRO EXPO-2025” кўргазмасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Эрон, Нидерландия, Хитой ва бошқа МДҲ давлатларининг 110 дан ортиқ етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирок этмоқда ҳамда ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этяпти.

Маълумот учун, 2024 йилда ўтказилган ушбу кўргазмада 73 та корхона ўз маҳсулотлари билан қатнашган ва 6 минг қизиқувчи ушбу кўргазмага ташриф буюриб, 40 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Шунингдек, 15 га яқин хорижий корхоналар иштирок этган бўлса, жорий йилги кўргазмада улар сони 20 га яқинлашди. Бу йилги кўргазмага эса 10 мингдан ортиқ қизиқувчи келиши ва салмоқли шарномалар имзоланиши кутилмоқда.

Мазкур кўргазма аграр соҳадаги етакчи экспертлар, ишлаб чиқарувчилар етказиб берувчилар иштирокида соҳадаги энг сўнгги ютуқларни намойиш этиш, тажриба алмашиш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш имконини беради.

Бу йилги кўргазмада мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жалб этишдаги ишланмалар, серҳосил ва касалликка чидамли уруғлар, муқобил энергия воситалари ёрдамида суғориш технологиялари, ўриш-йиғиш, саралаш ва қадоқлаш техникалари, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш усулларига эътибор қаратмоқда.

-  Биз ушбу кўргазада илк бор қатнашяпмиз ва корхонамиз Хитойнинг қишлоқ хўжалиги экинларини дронлар ёрдамида суғоришга ихтисослашган дунёдаги етакчи “Dji” компаниясининг Бухоро вилоятида жойлашган вакили ҳисобланади, - дейди “Мергантекс” кластер корхонаси директори Нурали Ўринов. – Бу дронлар Хитой технологияси асосида пахта хомашёси етиштиришда қўл меҳнатисиз пахтадан юқори ҳосил олишдаги асосий бўғин ҳисобланади. Экологияга зарарсиз бўлган ушбу дронлар биттаси бир кунда 100 гектар майдонни гранула ва суюқ ўғитлар билан озиқлантириш мумкин. Яъни, шоли, пахта, маккажўхори, буғдой, дарахтлар, ҳар қандай қияликлардаги экинлар, техникада ишлов бериш имконсиз майдонлар, лалми ерларда ишлатиш мумкин. Самарқанд вилоятидаги кластер корхоналари билан ҳам келишувлар тузилиб, 20 та дрон етказиб бериш бўйича буюртма олдик. Кўпчиликни қизиқтирган яна бир муҳим жиҳати, дронга сервис хизмати кўрсатиш бўйича ҳам ҳамкорлик қиламиз ва 500 дан ортиқ эҳтиёт қисмларини етказиб берамиз.

Бундан ташқари, корхонамиз томонидан Хитой технологиясига асосланган серҳосил ва унувчанлиги тўлиқ бўлган ва 70-90 центнергача ҳосил олиш мумкин бўлган ғўза уруғларини ҳам таклиф этяпмиз. Яна ўзимиз синовдан ўтказиб ҳосилдорлиги 106 центнерни ташкил этган буғдой навларини ҳам деҳқонларга тақдим этяпмиз.        

Мазкур кўргазмада 10 турдан ортиқ 85 дан зиёд техника, 5 та комбайн ишлаб чиқарувчиси, 30 та трактор, ўғит, уруғлар намойиш этилмоқда. Шунингдек,  асаларичилик, агрохимия, суғориш тизимлари, чорвачилик ветеринария препаратлари, қайта ишлаш, ин-витро лабораториялар, давлат хизматлари, консалтинг ташкилотлари, иссиқхона хўжаликлари, таълим муассасалари, паррандачилик ускуналари ва озуқалари, қуёш панеллари ҳам тақдим этилмоқда.

-  Корхонамиз Хитойдан келтирилган янги авлоддаги қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланади, - дейди “Sam Solar” компанияси менежери Мурод Жўрақулов. – Электр энергиясининг нархи ошгандан сўнг хонадон, заводлар, дўконлар ва айниқса, ҳаво тармоғи тортиш имкони бўлмаган жойларга муқобил энергиядан фойдаланиб сув чиқариш ускуналарини ўрнатишга талаб ортган. Биз ҳозирда қуёш панелларини киловатт соатини 5-6 миллион сўмдан бир йил кафолати билан ўрнатяпмиз. Хонадонлар ва насос ускуналари учун икки йил кафолат муддати берилади. Яна лифтлар, меҳмонхоналар учун 3 фазалик аккумулюторли тизим ўрнатишга ҳам қизиқувчи тадбиркорларимиз ҳам бор. Электр энергиясини тежаш учун ўрнатилган лимитдан сўнг хонадон, дўконлардан аккумуляторсиз қуёш панеллари ўрнатишга буюртма кўпайди. Яна деҳқонларимиз томонидан электр энергияси бормайдиган майдонларга сув чиқариш учун “изгрид” тизимидаги панеллар ўрнатишга қизиқиш юқори бўлмоқда. Бу тизим қуёшсиз, булутли ҳавода ҳам 70 метргача чуқурликдан сув чиқариб беради. Бу тизимга вилоятимиз туманларидан ташқари, Қашқадарё, Бухоро вилоятларидан ҳам буюртмалар тушмоқда.

Кўргазма доирасида ярим кунда шу тизимни ўрнатиш бўйича 6 та буюртма олдик. Бу соҳадаги янгиликлардан бири аввалги қуёш панеллари бир томонлама ва 10 та ячейкадан иборат эди. Ҳозирда технологиялар такомиллаштирилиб, 16 та ячейкали ва икки томонлама ишлайдиган қуёш панеллари бўлганлиги учун электр энергияси ишлаб чиқариш даражаси ҳам юқори бўлмоқда. Шу боис, бу тизимга қизиқувчилар ҳам ортиб бормоқда. Яна қуёш нури ёрдамида ёз мавсумида 98 даражагача, қиш мавсумида 30-40 даражагача сувни иситадиган ускунага ҳам қизиқиш юқори бўлмоқда. Бу ускунага аҳоли хонадонлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, умумий овқатланиш йўналишидаги тадбиркорлардан қизиқиш ортмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев иштирок этди.

Ўктам Худойбердиев,

Феруз Яхшибоев (фото).