"Агробанк"нинг Нуробод филиалида “муомала инқирози” кетмоқда

7 октябрь куни яқинда очилган пластик картамни SMS-хабарнома хизматга улатиш учун "Агробанк"нинг Нуробод туманидаги филиалига кирдим. Аммо менга хизмат эмас - беэътиборлик, сенсираш ва муздек муносабат насиб қилди. Ниҳоят, фақат “ҳуқуқшунос” сўзидан кейингина тизим “ишлай бошлади”...
Навбатим келгач, оператор опа ким биландир телефонда суҳбатлашиб ўтирарди. Менга қаради, лекин гўё кўрмагандек суҳбатини давом эттирди. Шошаётганим учун картамни стол устига қўйдим. Суҳбати тугагач, масаламни тушунтирдим.
Опа компьютерга бир қараб, “Ҳал бўлди”, деди. Иккинчи илтимосимни айтсам, “Вақтим йўқ, ҳаммасини қилдим”, дея сенсираб жавоб берди. Мен “Раҳмат” деб ташқарига чиқдим.
Телефонимдан банк иловасига кириб текширсам, “бошқа рақамга уланган” деган хабар чиқди. Ҳайрон бўлиб яна ичкарига кирдим. Опа бу сафар “бор, фалон ходим билан гаплаш” деди. У киши эса “мен телефон устаси эмасман” дея жавоб берди.
Юрагим эзилиб, яна опанинг олдига қайтдим. Бу сафар у очиқчасига мени гарангликда айблади. Мен эса унинг ёшини ҳурмат қилиб, рақамимни яна бир бор айтдим. Шундагина у қайта киритди, лекин натижа яна ўша - “бошқа рақамга уланган”.
Бир соат вақт ўтди. Масалам ҳал бўлмади. Ёнимдаги телефонга, кейин соатга қараб, хўрсиниб турдим. Ёшларимни зўрға тийдим.
Охири ташқарида кутиб турган акамни чақирдим. У банк ходимларидан ҳуқуқшуносни чақиришни сўради. Шу пайтгача бефарқ бўлган операторнинг муомаласи дарҳол ўзгарди - “синглим” деб гапира бошлади, илтифот кўрсатди, компьютерни яна очди ва эҳтиёткорлик билан маълумотларни текширди.
Ниҳоят, бу сафар хизмат тўғри бажарилди.
Банкдан чиқар эканман, қаттиқ ранжидим, биқиқ ҳаводан чиққанимга енгил нафас олдим. Бу воқеа менга муҳим сабоқ бўлди: ҳар қандай соҳада инсонга муносабат - хизматнинг ҳақиқий юзи, профессионалликнинг энг катта белгисидир.
Мавлуда Бойчаева,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.