Раҳбарлар танқидни нега кўтаролмаяпти?

Бугунги кунда раҳбарлар орасида танқидни қабул қила олмаслик ҳолатлари кўп учрамоқда. Айрим масъуллар ўз билими, қобилияти ва имкониятларини реал баҳолаш ўрнига, танқиддан қочишга, ўзини мақташга ва мавжуд муаммоларни яширишга уриняпти.

Бу эса шахсий даражада ҳам, ташкилот ва жамият даражасида ҳам жиддий оқибатларга олиб келмоқда. Масалан, яқинда бир ташкилот фаолиятини жойига бориб ўргандик. Мутахассислар билан холис таҳлил қилиб, ютуқ ва камчиликларни ёритдик. Лекин мақола ижтимоий тармоққа чиқиши билан ташкилот раҳбари бизнинг танқидий фикримизга қарши чиқиб, ўзини оқлашга тушди. Бундан ташқари, мақолани ўчиртириш учун “таниш-билишчилик” орқали босим ўтказишга ҳаракат қилди. Бу бир қарашда табиий ҳолдек кўринса-да, аслида муаммони тўғри қабул қилмаслик ва шахсий масъулиятдан қочишнинг яққол кўриниши эди. Раҳбар муаммони англаш, камчиликни тан олиш ўрнига, уни ёпишга, юқори идораларга “ҳаммаси жойида” деган кўринишни намоён этишга уринди.

Табиийки, шу ўринда савол туғилади: муаммони яшириш орқали уни ҳал қилиш мумкинми? Йўқ, албатта. Аксинча, Бу ҳолат муаммони янада чигаллаштиради, жамоатчилик ишончига раҳна солади ва бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Ўйлашимча, муаммога муносабат ташкилотнинг ҳақиқий юзи ва раҳбарнинг салоҳиятини кўрсатади. Муаммони яширишнинг асосий сабаби танқиддан қўрқиш, лавозимни йўқотиш хавфи ёки “тепадаги”ларга яхши кўринган ҳолда ўсишга умид боғлаш бўлса керак.

Лекин шундай “очколар”ни қўлга киритиш ортидан ҳал қилинмаган муаммолар одамларнинг кундалик ҳаётини оғирлаштириб бораверади ва уларда давлатга, раҳбарларга нисбатан ишончсизликни кучайтиради.

Албатта, фаолиятимиз давомида бундай ҳолатларга кўп дуч келамиз. Танқид қилишдан мақсад эса қайсидир ташкилот ёки раҳбар обрўсини тўкиш эмас, балки муаммолар ечимини топишга ёрдам бериш, жамиятда масъулият туйғусини оширишдир. Демоқчимизки, раҳбарлар танқидни тўғри қабул қилиб, тизимдаги муаммо ва камчиликларни вақтида бартараф қилса, аввало ундан ўзи манфаат кўради.

Тараққий этган мамлакатларни кузатсангиз, масъул раҳбарлар биринчи навбатда ўз вазифаси олдида ҳисобдор эканини унутмайди. Улар муаммодан қочмайди, аксинча, уни бартараф этишга интилади. Чунки ҳар қандай тизим муаммосиз бўлиши мумкин эмас. Ҳақиқий ривожланиш, ўзини реал баҳолаш, заиф томонларини тан олиш ва уларни яхшилашга уриниш билан бошланади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.