Ёшлар иқлим ўзгаришидаги янги инновацион ташаббусларга жалб этилади

“Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятларини кучайтириш ва ривожлантириш” қўшма лойиҳаси ишга тушди.
Лойиҳа доирасида Оролбўйи ҳудудларида ёшларни янада “яшил” келажак учун сафарбар этишга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Ушбу лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ва “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармаси (Қатар) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиалида бўлиб ўтган тадбирда мактаб ўқувчилари ва маҳаллий ёшлар етакчилари 1,3 миллиондан ортиқ ёшларни иқлим муаммолари, барқарор қишлоқ хўжалиги ва тоза энергия каби амалий кўникмалар бўйича ўқитишга қаратилган лойиҳа билан танишдилар. Лойиҳа қурғоқчилик, сув танқислиги ва чўлланиш каби иқлим муаммоларига дуч келаётган қишлоқ ҳудудларига қаратилган бўлиб, ёшларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ маҳаллий муаммоларни ҳал қилишда етакчи бўлиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
- Иқлим ўзгариши энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди, - деди Ўзбекистондаги БМТТДнинг лойиҳа раҳбари Лазиз Хўжақулов. - Лойиҳа доирасида иқлим ўзгаришларини амалдаги мактаб дарсликларига киритиш билан бир қаторда Ўзбекистоннинг еттита ҳудудида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ёш иқлим элчилари тармоғини ташкил этамиз. Ёш иқлим элчилари тармоғига мактаб ўқувчилари ва 24 ёшгача бўлган ёшларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Ушбу ёшлар билан иқлим йўналишидаги янги инновацион ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари ёш яшил элчилар жамоасини шакллантириш, иқлим соҳасидаги етакчининг маҳорат дарси, стартаплар кўргазмаси ва иқлим бўйича хабардорликни баҳолаш онлайн сўровнома каби интерактив машғулотларда иштирок этди. Бундан ташқари, ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, иқлим муаммоларига ечимлар бўйича ғояларни муҳокама қилишди ва тақдим этишди. Бу машғулотлар турли ҳудудлардан келган ёшлар ўртасида қизиқиш уйғотди.
Хуршида Эрназарова.