Дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш қандай самара беради?

Самарқандда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ GmbH)нинг “Ўзбекистон касб-ҳунар таълим тизимида ислоҳот ва модернизация жараёнини қўллаб-қувватлаш (TexVET)” лойиҳаси доирасида “Дуал таълим Ўзбeкистон кeлажагини шакллантиради” мавзусида халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан лойиҳа ҳамкорлари – Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда ташкил этилган анжуманда вазирлик ва идоралар, тўқимачилик уюшмалари ва компаниялари, маҳаллий ва хорижий касб-ҳунар таълими муассасалари вакиллари, халқаро лойиҳалар ҳамкорлари ҳамда экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда тўқимачилик соҳасига қаратилган ва 2025 йил декабрь ойида якунланадиган тўрт йиллик TexVET I лойиҳасининг якуний натижалари сарҳисоб қилиниши ҳамда кўплаб соҳаларни қамраб оладиган ва 2026-2028 йилларда амалга ошириладиган янги TexVET II лойиҳаси юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
Конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Алишер Муратов, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳа раҳбари Маттиас Клинггенберг, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев ва бошқалар бугунги кунда меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш дунё миқёсида кенг қўлланилаётгани ва бу юқори самара бераётганини таъкидладилар. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда профессионал таълим муассасаларида ёшларни касб-ҳунарга ўргатишда бу тизимдан самарали фойдаланилмоқда. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан амалга оширилган лойиҳа ҳам бу борада муҳим қадам бўлиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг таълим соҳасидаги мақсадларига эришишга кўмаклашиши қайд этилмоқда.
– Ўзбекистонда касбий таълимга алоҳида эътибор қаратилаётгани бугун халқаро миқёсда эътироф этилмоқда ва шунинг учун ҳам бу борада хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов. – Жумладан, дуал таълим бўйича жуда катта тажрибага эга Германия билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу бизга ушбу давлатнинг тажрибасини ўрганиб, ўзимизнинг профессионал таълим тизимини бугунги давр талабига мос тарзда йўлга қўйиш имконини беради. Бу орқали таълим сифати ошади, иш берувчилар билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб, замонавий касбларни эгаллаган мутахассислар тайёрлашга эришилади.
Ялпи мажлисда Германиянинг BIBB – халқаро касб-ҳунар таълими бўлими раҳбари Биргит Томанн хоним, Пекин Нормал университети вакили Баи Бин ўз давлатларидаги касбий таълим тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маъруза қилдилар. Шунингдек, мамлакатимиздан касбий таълимни ривожлантириш институти директори Зайниддин Худойбердиев юртимизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижаларга эътибор қаратди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан институтимиз олдига аниқ вазифалар қўйилган ва биз бу борада муайян ишларни амалга оширишга эришдик, – дейди Зайниддин Худойбердиев. – Жумладан, мингдан ортиқ экспертлар жалб этилган ҳолда 300 дан зиёд касбий таълим стандартлари янгиланди. Педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича тизим яратилди. Илмий изланишлар олиб бориш, таълим тизимини рақамлаштириш, иш берувчилар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўналишида ҳам бир қатор ишлар бажарилди. Айни пайтда юртимиздаги 14 та техникумда Германия билан ҳамкорликда 8 касб бўйича касб-ҳунар ўқитиш йўлга қўйилди. Бу борада Германиянинг BIBB – халқаро касб-ҳунар таълими бўлими билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ушбу компаниянинг 30 йилгача бўлган стратегиясига уйғун ҳолда ўзимизнинг дастуримизни ишлаб чиққанмиз. Бугунги кунда юртимиздаги 430 та касбий таълим муассасасида дуал таълим йўлга қўйилди ва 34 минг ўқувчи ушбу тизим асосида касб-ҳунар ўрганмоқда. Мазкур тизимга 10 мингга яқин корхона, ташкилотлар жалб қилинди, 141 касб бўйича дуал таълим стандартлари ишлаб чиқилди.
Ялпи мажлисдан сўнг иштирокчилар тўрт семинар-тренингда олий таълимда назария ва амалиёт ўртасидаги фарқни бартараф этиш, дуал таълимни жорий этиш ва унинг ўзига хос хусусиятлари, меҳнат миграциясида замонавий касб-ҳунарларни ўқитиш каби мавзуларда ўзаро фикр алмашдилар.
Конференция қатнашчилари “Ўзбекистон касб-ҳунар таълим тизимида ислоҳот ва модернизация жараёнини қўллаб-қувватлаш (TexVET)” лойиҳаси вазирликлар, иш берувчилар ва профессионал таълим муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, профессионал таълимга тизимли ёндашувни яратиш учун янги меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш, дуал таълим моделини кенг жорий этишда муҳим қадам бўлганини таъкидладилар. Ушбу йўналишдаги ишларни лойиҳанинг кейинги босқичида янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.