"Аҳмадбой иши" бўйича тўртинчи суд ҳукми эълон қилинди
Бугун, 12 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ тумани суди биносида "Аҳмадбой иши" бўйича тўртинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.
Суд ҳукмига кўра, А.Турсунбоев Жиноят кодексининг 68-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан айбли, деб топилди ва унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
А.Турсунбоевга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аҳмаджон Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-банди “б” кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди.
Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланади. А.Турсунбоевга қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.