Аҳоли ҳар ойнинг ўнинчи санасигача чиқинди учун пул тўлайди – тўлов одам бошига 2900 сўм

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни ундириш жорий йилнинг 1 январидан бошлаб прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросига юкланди.
2018 йилнинг ўзида маиший чиқиндиларни ташиш тизимини шакллантириш, ривожлантириш мақсадида 10 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Илгари аҳолида дебитор қарздорлик юзага келса, уни мажбурлаб ундиришнинг имкони йўқ эди. Вазирлар Маҳкамасининг "Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, чиқинди хизматларига тўловни амалга оширмаган қарздор аҳоли ёки юридик шахсларга пеня қўллаш амалиёти жорий қилинди. Аҳоли чиқинди пулини вақтида тўламаса, ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,1 фоиз пеня тўлашига тўғри келади. Юридик ташкилотлар учун эса бу 0,4 фоиз.
Юридик шахслар, яъни ташкилотлар, тадбиркорлар, давлат корхоналари чиқинди пулини 100 фоиз олдиндан тўлаб бериши шарт. Шу пайтгача аввал хизмат кўрсатиб, кейин пули олинарди.
Аҳоли ҳар ойнинг ўнинчи санасигача чиқиндига тўловни амалга ошириши лозим. Самарқанд шаҳар ҳокими тасдиқлаган тарифга кўра, хонадонлардан чиқарилаётган чиқинди учун одам бошига 2900 сўм тўлов белгиланган.