Самарқандда аҳолининг спортга қамрови ошяптими?

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг ривожи учун муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Вилоятда ўтган давр мобайнида ушбу вазифалар ижроси таъминландими?

- Вилоятда оммавий спортни ривожлантириш ва аҳолининг оммавий спортга жалб қилиш кўламини ошириш мақсадида жорий йил 220 километр саломатлик, 153 километр велосипед йўлаклари, 463 та мини-футбол, 48 та бадминтон, 125 та “Workout”, 71 та стритбол майдончалари фойдаланишга топширилди, - дейди вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев. - Шунингдек, жорий йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, вилоятдаги 1126 маҳаллада 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида спортнинг тўққиз тури бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари ўтказилди. Ушбу мусобақаларнинг биринчи мавсумида вилоятимиздан 282 минг 989 нафар (17 фоиз), иккинчи мавсумда эса 389 минг нафардан ортиқ (23 фоиз) ёшлар қамраб олинди.

Бундан ташқари, вилоятда 9750 дан зиёд спорт тадбирлари ўтказилиб, 881 минг 945 киши (аҳолининг 22 фоизи) спортга қамраб олинди. Бу кўрсаткични 2023 йилда 24, 2024 йилда 26 ва 2025 йилда 30 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун узоқ муддатга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилган.

Фазлиддин Рўзибоев.