Ажал оғусининг йўли тўсилди

Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи қашқадарёлик 23 ва 24 ёшли икки нафар шахс ДХХ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Бунга сабаб улар Россия Федерациясидан халқаро почта жўнатмалари орқали бошқа товар номи остида пластик идишда юборилган 7 кг. 313 гр. синтетик каннабиноид аналоги бўлган “5-Fluro-ADB” гиёҳванд моддасини қабул қилиб олгани бўлган.
Аниқланишича, улар “WhatsАpp” мессенжери орқали танишган номаълум профил эгаси топшириғига кўра, 500 АҚШ доллари эвазига ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳридан Самарқанд вилоятига етказиб беришлари керак бўлган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркотик моддани Самарқанд вилоятида қабул қилиб олган вақтида Паст Дарғом туманида яшовчи 2 нафар фуқаро ҳам ушланди.
Улардан бирининг Самарқанд шаҳридаги хонадони кўздан кечирилганда, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун мўлжалланган яширин лаборатория ташкил қилинганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.