Акциядорлик жамиятлари халқаро молия бозорлари билан мувофиқлаштирилади

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилган ҳолда унинг функция ҳамда вазифалари Молия вазирлигига қўшимча фаолият сифатида ўтказилди.

Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Яъни, банк томонидан кредитлашга муқобил бўлган молиялаштириш механизмини яратиш, халқаро молия бозорлари билан фаол интеграциялашув, капитал бозори учун соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш белгиланди.

Фармон талабларига асосан 2021-2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш учун 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва акциялари фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилиши белгиланган корхоналар рўйхати тасдиқланди.

2021 йил 29 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан акциядорлик жамиятларига Марказий депозитарий ва (ёки) инвестиция воситачилари орқали дивидендлар тўловини амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати жамият устав капиталининг 20 фоизлик миқдори 25 фоизга кўтарилган ҳолда қатъий белгиланди.  Инвестиция институтлари орқали ташкил этилган қимматли қоғозлар савдоларида акциялар ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозлар оммавий жойлаштирилган тақдирда уларнинг чиқарилиши, жойлаштириш ҳажмидан қатъий назар амалга ошган деб эътироф этилиши ҳам қимматли қоғозлар иштирокчиларига бозорда қулайликлар яратади.

Норбой Жўлматов,

Молия вазирлигининг Капитал бозорини ривожлантириш департаменти вилоят ҳудудий вакили.