Алимент пули тўлашдан қочиб юрган отага қидирув эълон қилинди ва 53 миллион сўм зарар ундирилди
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор Ш.Н.дан ундирувчи Ф.С.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлими хабар бермоқда.
Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлими томонидан ижро иши юритиш қўзғатилиб, қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қарздор Ш.Н. Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳридан ушланиб, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Пахтачи туман маъмурий судига топширилди.
Суднинг қарорига асосан қарздор Ш.Н. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг қарори билан қарздор Ш.Н.дан ундирувчи Ф.С.нинг фойдасига алимент пулини тўламасдан келганлиги натижасида 53 миллион сўм миқдорда етказилган зарар ундириш белгиланган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Н.дан ундирувчи Ф.С.га 53 миллион сўм етказилган зарар пуллари ундириб берилди.