Алиса Фрейндлих: Бахт учун энг яхши кун – бугундир!

Сиз-у биз севиб томоша қиладиган “Ишдаги ишқ” бадиий фильми қаҳрамони - Людмила Прокофьева ролини қойилмақом ижро этган Алиса Фрейндлих 87 ёшга тўлди. У таниқли актриса бўлиш билан бирга етук психолог ҳамдир. Қуйида унинг ҳаёт фалсафаси ҳақидаги фикрлари билан танишасиз.

Мени ўз ишига бажонидил ёндашмаганлар қизиқтирмайди

Евгений Евтушенконинг “дунёда зерикарли одам йўқ”, деган сатри бор. Мен унинг фикрига қўшилмайман. Баъзи бир одамлар бор – океандир, уларнинг теранлиги тушуниб бўлмайдиган даражада бўлади. Пастки қисми лой бўлган саёз кўлмаклар ҳам бор. Ҳатлаб ўтишингиз биланоқ улар унутилади.

Бирор ишга ўзини бағишламоқ учун аввало руҳан бой бўлиш керак. У  бизга туғилиш пайтида берилмайди, йиллар давомида орттирилади, у яхши ишлар, таассуротлар ва зарбалар орқали тарбияланади.

Одамлар улар ҳаётдан иложи борича кўпроқ нарсани олишгандагина бахтли бўлишига амин. Ҳақиқат шундаки, улар фақат ўзларини бағишласа ёки ўзида бўлган нарсаларини баҳам кўришлари мумкин бўлган пайтдагина бахтли бўла олади.

Ёлғизлик ҳақида

Ўзини бировга бағишлай олмаслик – бу ёлғизликдир.

Яқин дугонамнинг эри эркинликдан баҳраманд бўлиш истагида оиласини ташлаб кетди. Худойим, бу қандай ахмоқлик. Ўғли отаси ҳақида ҳеч қачон илиқ таассуротга эга эмас, ҳеч қачон унинг маслаҳатларини олмаган, уни қўллаб-қувватлагани учун ҳеч қачон унга “раҳмат” деб айтмайди, ҳаёт қадриятларини ундан ўрганмайди. Ота эса дўстлари билан табиатда ва клубларда ҳордиқ олишдан чарчамайди. Менимча, бунақа эркинлик бир чақага арзимайди.

Кўнгил ёшлиги ҳақида

Инсон ўзида болаликни қанчалик узоқ сақлай олса, табиат берган истеъдод унда шунчалик узоқ сақланиб қолади.

Бу албатта кечаги мусибатли оғир кунларни унутиб, келажакка қизиқиш билан қарашга қодирликдир. Ҳеч кимга қарши ғазабланмасдан, баланд овоз билан кулиш ва ҳаётдан мўъжиза кутиб яшаш керак.

Ўзим ҳақимда

Бутун ҳаётимиз давомида биз ҳатто ўз феълимизни тўла-тўкис билмаслигимизни тасдиқлаб яшаймиз.

10-20-30 йил олдинги ўзимизни эслаш биз учун ҳам ёқимли, ҳам қайғули. Наҳотки шу биз бўлсак? Яна 10 йилдан кейин қандай бўлар эканмиз? Кучлироқ бўламизми ёки ҳолдан тойиб қоламизми? Ҳаётдан ғазабланамизми ёки унинг мазасини татиб кўрган бўламизми?

Ёшликдаги асосий хатолик ҳақида

Шубҳа ва қўрқувларга йўл йўқ! “Аввал оёққа туриб олишим керак!” деган фикрдан узоқроқ бўлинг. Сиз аллақачон тайёрсиз, сиз кучлисиз! Имкониятни бой бермаслик учун ҳаракат қилинг. Ҳаёт чексиз узун ва имкониятларга бой бўлиб туюлади, аслида эса у жуда тез ўтиб кетади. Бахт учун энг яхши кун – бу бугундир!

Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.

P.S. Шу йил 12 февраль куни Алиса Бруновна бир ойлик коронавирус билан курашишдан сўнг касалхонадан чиқди. Журналистларнинг фикрига кўра, “COVID-19”га берилган тестлар салбий натижани кўрсатди. Энди 87 ёшли актриса ўзини анча яхши ҳис қилмоқда ва реабилитацияни клиникадан ташқарида давом эттирмоқда.